Live
10
Ўзбек

Абдумавлон Абдужалилов: «Ишонаманки, мавсум якунига қадар «Бунёдкор»да молиявий ҳолат яхшиланади»

Эксклюзив
20 сентябр, 06:01
Абдужалилов Tribuna.uz учун эксклюзив интервю берди.
Абдумавлон Абдужалилов: «Ишонаманки, мавсум якунига қадар «Бунёдкор»да молиявий ҳолат яхшиланади»
Фото: Бунёдкор ПФК
19.09.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Бунёдкор Бунёдкор 2 : 1 Бухоро Бухоро

Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби Суперлига 22-турида «Бухоро»га қарши беллашди. Унда «қалдирғочлар» узоқ кутилган ғалабага эришди. Жамоа бунга қадар 12 та беллашувда мағлубият аламини тортиб кўрганди.

Натижада бош мураббий ўзгарди. Илёс Зейтуллаев ишдан кетишга қарор қилди. Ўрнига Иван Бошкович таклиф этилди. «Бухоро»га қарши баҳс жамоа асосий дарвозабони сифатида Абдумавлон Абдужалилов майдонда ҳаракат қилди. Ишончли ўйини сабаб «Бунёдкор» муҳим уч очкога эга бўлди. Беллашувдан сўнг Абдужалилов Tribuna.uz учун эксклюзив интервю берди.

- Абдумавлон, «Бухоро» билан ўйиндан кейинги фикрларингиз қандай?

- Курашларга бой ўйин гувоҳи бўлдик. Узоқ кутилган ғалаба йўлида жиддий курашдик. Гол уришга муваффақ бўлдик. Ҳисобдаги устунлигимизни сақлаб қолдик. Қисқаси, жуда яхши ўйин бўлди.

- Бу баҳсда жамоангиз ниманинг эвазига ғалаба қозонди?

- Ушбу баҳсда ким кўпроқ якка курашларни ютадиган бўлса ўша устунликка эга бўлишини тахмин қилгандик. Баҳс олдидан мураббийлар штабини барча берган кўрсатмаларига амал қилишга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, барчасини тўғри бажардик деб ўйлайман.

- «Бунёдкор» бу ўйинга қадар 12 та беллашувда кетма-кет мағлуб бўлди. Сизнингча, жамоанинг муваффақиятсизликларига нима сабаб бўлди?

- Очиғи, аввалги ўйинлардаги мағлубиятларга кўп сабабларни мисол келтириш мумкин. Қайсидир баҳсларда бизга омад етишмади. Хусусан, «Навбаҳор» билан меҳмондаги баҳсда сўнгги дақиқада пеналти. Шунингдек, молиявий муаммолар ҳам натижаларнинг биз учун салбий бўлишига сабаб бўлди. Шунингдек, пул йўқлиги сабаб кўплаб ўйинчиларимиз жамоадан кетди. Айнан шу жиҳатлар мағлубиятли сериямиз узоқ давом этишига бош омил бўлди деб ўйлайман. Ниҳоят, ғалабага эришдик. Ҳаммаси ортда қолди деб ўйлайман.

- Ҳозирги вақтда жамоанинг турнир жадвалидаги ҳолатини яхши деб бўлмайди. Айингчи, «қалдирғочлар»нинг Суперлигада жон сақлаб қолиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Лигада қолиш имкониятимиз ёмон эмас. Чунки ҳали олдинда кўплаб ўйинлар бор. Олдинда турган баҳсларимизда ўзимиз учун керакли натижаларга эришсак, вазифани бажара оламиз. Қисқаси, ҳаммаси ўзимизга боғлиқ.

- Ҳозирда жамоада италиялик кипер билан рақобатлашмоқдасиз. Рақобат ҳақида фикрингиз?

- Рақобат иккаламиз учун ҳам ўсишга туртки бўлмоқда, Федерико ғам яхши дарвозабонлигини ўйинлари орқали кўрсатмокда. Бизда яна Мухаммадюсуф ҳам бор. Яхши дарвозабонлар билан жамоада рақобат бўлса, бунда фақат яхши томонга ўсиш имконияти бўлади. Ким яхши ҳолатда бўлса, мураббийлар шуни асосий жамоага киритади.

- Молиявий ҳолат борасида қандайдир ўзгаришлар борми?

- Тўғриси, молиявий ҳолат бўйича ҳеч кандай ўзгаришлар бўлгани йўқ. Мавсум якунига ҳам 2,5 ой вақт қолди. Умид қиламанки, жамоага ҳомий топилади. «Бунёдкор»нинг кейинги тақдири ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Футболимиз савияси шу даражага келишида жамоанинг ҳиссаси улкан. Бизда ишлаб турган тайёр футболчилар фабрикаси бор. Асосий жамоа ўз ҳолатини тиклаб олса, ёшлар ҳам яхши даражага чиқиши осонлашади. Айайлик, футболимизни яхши тушунган инсонлар жамоанинг келажаги ҳақида қайғурмоқда. Ишонаманки, мавсум якунига қадар ҳаммаси жойига тушади.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Бунёдкор Бунёдкор
  • Бухоро Бухоро
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар