«Барселона» ҳимоячиси Хави Эспарт клуб билан янги меҳнат шартномасини имзолашга рози бўлди. Бу ҳақда журналист Фабрицио Романо ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, томонлар ўртасидаги янги келишув 2030 йил ёзигача амал қилади. Шартнома шартларига кўра, 19 ёшли футболчининг маоши ҳам оширилади.
Эспартнинг «Барселона» билан амалдаги шартномаси 2028 йил июн ойи охиригача мўлжалланган эди. Янги келишув унинг каталонияликлар сафидаги фаолиятини яна бир неча йилга узайтиради.
Хави Эспарт ушбу мавсум Ла Лигада бешта баҳсда майдонга тушди. Ҳимоячи ушбу баҳсларда битта гол уриб, яна иккита голли узатмани амалга оширди.
Маълумот учун, Эспартнинг трансфер қиймати беш миллион еврога баҳоланмоқда. У «Барселона» таркибида ҳимоячи сифатида фаолият юритмоқда.