Бугун
26
Ўзбек

Нажмиддин Нормуродов: «Бунёдкор»ни ўзим истамаган ҳолда тарк этдим»

Эксклюзив
13 сентябр, 17:16
Tribuna.uz нашри Нажмиддин билан суҳбатлашди.
Нажмиддин Нормуродов: «Бунёдкор»ни ўзим истамаган ҳолда тарк этдим»
Фото: Бунёдкор ПФК

Ёзги трансфер ойнаси сўнгги кунида «Металлург» клуби тажрибали ҳимоячи Нажмиддин Нормуродовни ўз сафига қўшиб олди. Бунга қадар у «Бунёдкор» сафида жамоа сардори ва етакчи футболчиси сифатида ўйнаб келаётганди. Нормуродовнинг бекободликлар сафини тўлдириши кутилмаганда амалга оширилди дейиш мумкин.

Tribuna.uz нашри Нажмиддин билан суҳбатлашди. Унда «қалдирғочлар»ни тарк этиши, нима сабабдан бекободликлар билан шартнома имзолагани борасида футболчининг фикрларини олди.

«Бунёдкор»ни тарк этиши ҳақида

- Тўғриси, «Бунёдкор»ни тарк этиш ниятим йўқ эди. Клуб директори, спорт директори ва бош мураббий жамоада пул бўлишига ишонтирганди. Ҳукумат томонидан бериладиган пулдан бизнинг маошларимиз қоплаш беришларини айтганди. Камида 5 ойлик маошларимиз тўланиши айтилганди. Бироқ клуб ҳисоб рақамига пул келиб тушиш жараёни чўзилиб кетди. Қарасам, жамоадаг кетмасам бўлмасди. Чунки айнан футбол орқали оиламизни таъминлаймиз. Бошқа жойдан келадиган даромадимиз йўқ. Айнан шу жиҳатлар сабаб жамоани тарк этдим.

Жамоадаги молиявий ҳолат ҳақида

- Молиявий ҳолат ҳақиқатдан ҳам бор оғир эди. Маош ва мукофот пуллари берилмаганди. Нафақат биз футболчилар, клуб тизимида меҳнат қилаётган барча ишчи-ходимлар ҳам маошсиз ишлаб келаётганди. Мен кетишимга қадар шунақа вазият эди. Ҳозир берган ёки бермаганидан бехабарман. Бундан ташқари, базада ҳам муаммолар бўлиб, иссиқ сув йўқлигини айта оламан. Ёз кунлари бу нормал ҳолат бўлиши мумкин. Аммо кун совуган вақтда иссиқ сув бўлмаслиги яхши эмас. Айрим кунлар электр чироқлар ўчиб қолди. Ёзнинг чилласи кунлари хонада электр чироқлар бўлмаслиги қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилинг. Молиявий ҳолат шу даражага етдики, «Қизилқум» билан меҳмондаги беллашувга бориш учун пул топилмади.

«Металлург»га ўтиши ҳақида

- Менда Суперлиганинг 5 ёки 6 та жамоасидан таклиф бор эди. Фақат ўзим танлов қилишим қолганди. Аммо «Бунёдкор»да вазият ўзгариши ва пуллар берилиши ҳақида ваъдаларга ишониб, барча олдимда турган таклифларни рад этиб келдим. Чунки «қалдирғочлар»да қарийб 2,5 йил давомида ўйнадим. Жамоани шунчаки ташлаб кета олмасдим. Шунга барча таклифларни рад этиб, жамоада қолишимни айтдим. Аммо вазият шу даражага етдики, трансфер ойнасининг сўнгги кунида кетишга қарор қилдим. Чунки пулларни берилишига ишонч қолмади. «Металлург» жиддий таклиф билан алоқага чиқди ва буни қабул қилишга қарор қилдим. Кейинчалик Суперлигадан менга таклиф билан чиққан жамоаларим қароримдан хафа бўлишди. Мен уларга қолишимни айтгандим. Лекин вазият аслида қандай эканлигини улар билмасди.

«Бунёдкор»нинг Суперлигада қолиш имконияти ҳақида

- Қийин бўлади, лекин лигада қолиш вазифани уддасидан чиқса бўлади. Ҳар ҳолда жамоа анча ёшлар билан ўйнамоқда. Мураббий ҳам ўзгарди. Барибир, у бирданига вазиятни ўзгартириб юбора олмайди. Ишонаманки, жамоа мавсум якунига қадар Суперлигада қолишнинг уддасидан чиқади.

«Металлург»нинг элитага қайтиш эҳтимоли ҳақида

- Тўғридан тўғри Суперлига йўлланмасига эга бўлиш имконияти бизнинг қўлимизда эмас. Чунки «Орол» турнир жадвалида пешқадам. Биз нафақат уларнинг очко йўқотишини кутишимиз, шу билан биргаликда қоқилмасдан ҳаракат қилишмиз керак. Ўйлайманки, «Металлург» билан элитага қайта оламиз. Бунинг учун қолган баҳсларда муваффақиятли одимлашимиз керак. Жамоада давралар оралиғида кўп ўзгаришлар бўлди, натижада ғалабали сериямизни давом эттиряпмиз.

«Бунёдкор»даги фаолияти ҳақида

- Бу жамоада фақат ва фақат хотиралар билан тарк этдим. Тўғри, бу мавсумда молиявий ҳолат ёмонлашиб, ўзим истамаган ҳолда тарк этдим. Лекин клубда ўтказган 2,5 йиллик фаолиятим кўнгилдагидек кечди. Футболчи сифатида янада ўсдим, кўпчилик янада танишига сабабчи бўлди. Жамоа сардори сифатида кўп ўйинларда иштирок этдим. Хуллас, ҳаммаси яхши бўлди. Бир сўз билан айтсам, «Бунёдкор»даги фаолиятим мен учун фойдали бўлди.

Собиқ жамоаларининг бугунги кундаги ҳолати ҳақида

- Ҳозирги кунда собиқ жамоаларим – «Машъал» ва «Бунёдкор»нинг турнир жадвалидаги ҳолатини кўриш ёқимсиз. Муборак клуби мени катта футболга қайтарган. 2019 йилда фаолиятни якунлаган жойида менга имконият берган. Яна футбол ўйнадим ва шу клубдаги ҳаракаларим сабаб «Бунёдкор»га трансфер қилиндим. Тошкент клубида янада ўсишга эришдим. Қисқаси, бу жамоалар ўзлари учун муносиб бўлмаган ўринда бормоқда. Бу жамоалар вазиятни яхши томонга ўзгартиришига ишонаман.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Бунёдкор Бунёдкор
  • Металлург Металлург
Бугунги янгиликлар