«Интер» яримҳимоячиси Генрих Мхитарян 2026/27 йилги мавсум олдидан ўз мақсадлари ҳақида фикр билдирди.
Арманистонлик тажрибали футболчи аввалги мавсумдагидан ҳам яхшироқ ўйин кўрсатишни ва жамоасига мақсадларга эришишда ёрдам беришни исташини айтди.
«Мен ўзимнинг энг яхши версиямга айланишни хоҳлайман. Ўтган мавсумдагидан ҳам муваффақиятлироқ ўйнаш ниятидаман. Ёшим ўз таъсирини кўрсатмоқда, аммо жамоага ёрдам беришга ҳамон тайёрман. «Интер» ўз олдига қўйган мақсадларга эришиши учун ишлашда давом этаман», — деди Мхитарян La Gazzetta dello Sport нашрига.
36 ёшли яримҳимоячи ўтган мавсум А Серияда 30 та баҳсда майдонга тушиб, 4 та гол ва 1 та голли узатма муаллифига айланганди.
Маълумот учун, «Интер» 2025/26 йилги мавсумда Италия А Серияси чемпионлигини қўлга киритиш билан бирга, мамлакат Кубоги бош совринини ҳам қўлга киритган.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади