«Манчестер Сити» Англия Премер Лигасининг навбатдаги турида сафарда «Астон Вилла»га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. «Шаҳарликлар» олдинги уч мавсумда ҳам Бирмингҳэм клубига сафарда ютқазган эди. Ўйиндан кейин бош мураббий Энцо Марескадан ушбу омадсиз серия ҳақида сўрашди.
«АПЛда «Астон Вилла» майдонидаги кетма-кет тўртинчи мағлубиятми? Кейинги мавсумда яна уриниб кўрамиз. Ҳозир фақат бугунги баҳсни таҳлил қила оламан», — деди Мареска ТNТ Sports нашрига.
Мутахассис мағлубият сабабларини ҳам изоҳлади. Унинг фикрича, жамоа вазиятлардан фойдалана олмаган ва ўтказиб юборилган голларда ҳимояда хатоларга йўл қўйган.
«Умуман олганда, яхши ўйин кўрсатдик ва кўплаб вазиятлар яратдик. Иккинчи бўлимда рақибга фақат битта қарши ҳужумда гол уришга имкон бердик. Баъзан бундай вазиятларда яхшироқ ҳимояланиш ёки бироз омадлироқ бўлиш керак. Футбол шунақа. Бундан сабоқ чиқариб, олдинга юришда давом этамиз.
Аслида, иккала голнинг ҳам олдини олишимиз мумкин эди. Рақибга атиги иккита хавфли вазият яратишга имкон бердик, ўзимиз эса кўплаб имкониятларга эга бўлдик. Ўйиннинг катта қисмини рақиб жарима майдончаси атрофида ўтказдик. Голларга олиб келган хатолардан қочишимиз керак. Мағлубиятга лойиқ эдик, деб ўйламайман, аммо ютқаздик», — деди мураббий.
Маълумот учун, «Манчестер Сити» АПЛ мавсумини кетма-кет еттита ғалаба билан бошлаганидан кейин илк бор очко йўқотди.
Эслатиб ўтамиз, «шаҳарликлар» кейинги баҳсини 28 октябр куни Лига кубоги доирасида «Брайтон»га қарши ўтказади.