Англиянинг «Фулҳэм» футбол клуби Янги Тошкентда замонавий футбол академиясини ташкил этиш имкониятини ўрганишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Дунё ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу масала Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси дипломатлари ва клуб вакиллари ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинган.
Учрашув Ўзбекистон президентининг инвесторлар ва тадбиркорлар билан Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш бўйича ўтказган очиқ мулоқотида берилган топшириқлар ижроси доирасида ташкил этилган.
Музокараларда «Фулҳэм» клубининг футболни ривожлантириш йўналиши раҳбари Ҳю Женнингс ва тижорат менежери Бретт Макголдрик иштирок этган.
Ўзбекистонлик дипломатлар клуб вакилларига мамлакатда футболни ривожлантириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий спорт инфратузилмасини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берган.
Шунингдек, Янги Тошкент қурилиши ва шаҳар ҳудудида спорт иншоотларини ривожлантириш режалари муҳокама қилинган. Британия томони Ўзбекистонда футболни оммалаштириш ва ёш футболчилар учун янги имкониятлар яратишга қаратилаётган эътиборни эътироф этган.
Учрашув якунида томонлар Янги Тошкентда футбол академиясини ташкил этиш ташаббуси бўйича ҳамкорликнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олган.