Live
29
Ўзбек

Роналду 981 ёки 982-голини урдими? Мухлислар бир голни ҳисобдан чиқаришни талаб қилмоқда

Футбол
24 октябр, 09:15
«Ан Наср» ҳужумчисининг «Ал Файсали»га қарши баҳсдаги голи автогол сифатида ҳам қайд этилган.
Роналду 981 ёки 982-голини урдими? Мухлислар бир голни ҳисобдан чиқаришни талаб қилмоқда
Foto: Getty Images

«Ан Наср» жума куни «Ал Файсали»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Криштиану Роналду иккинчи бўлим бошида стандарт вазиятдан сўнг гол урди. Бироқ ижтимоий тармоқларда ушбу гол муҳокамаларга сабаб бўлди: айрим мухлислар тўп ҳимоячидан қайтганини таъкидлаб, гол португалиялик футболчи ҳисобига ёзилмаслиги кераклигини айтмоқда.

Sofascore статистик порталида мазкур вазият «Ал Файсали» ҳимоячисининг автоголи сифатида қайд этилган. Саудия Арабистони ОАВларида эса ҳакам якуний баённомада голни Роналду ҳисобига ёзгани ва шу сабабли уни португалиялик ҳужумчига тегишли деб ҳисоблаш кераклиги ҳақида хабарлар тарқалган.

Маълумот учун, MessivsRonaldo.app порталида Роналду ҳисобида ҳозирча 982 та эмас, 981 та гол кўрсатилган. Бу маълумотлар ҳали янгиланмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, баҳс «Ан Наср»нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Роналдунинг голи расман кимнинг ҳисобига ёзилгани борасидаги масала эса турли манбаларда турлича акс этмоқда.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Аль-Наср Эр-Рияд Аль-Наср Эр-Рияд
Бугунги янгиликлар