«Манчестер Сити»нинг собиқ раиси Девид Бернштейн клуб директорлар кенгашининг фаолияти ҳақида фикр билдирди. Унинг баёноти клубга нисбатан молиявий қоидабузарликлар бўйича давом этаётган иш фонида янгради.
Бернштейннинг фикрича, клуб директорлар кенгаши, жумладан, узоқ йиллардан буён ўз лавозимида ишлаб келаётган бош директор ташкилотни бошқариш билан боғлиқ жараёнлар учун жавобгар ҳисобланади.
«Яна бир масалани кўтармоқчиман — директорлар кенгашининг ҳолати. Клуб директорлар кенгаши, жумладан, кўп йиллардан буён лавозимида ишлаб келаётган ва ушбу даврнинг барчасини бошдан кечирган бош директор клубни ҳар томонлама бошқариш учун жавобгардир», — дея Бернштейннинг сўзларини ТalkSPORT келтирди.
Унинг таъкидлашича, агар бундай вазият оддий акциядорлик компаниясида юз берганида, директорлар якуний қарор қабул қилингунга қадар истеъфога чиқиши ёки вақтинча лавозимидан четлатилиши мумкин эди. Бернштейн бу ҳолатда апелляция бериладими ёки йўқми, бундан қатъи назар, раҳбарият масаласини кўриб чиқиш кераклигини билдирган.
«Менимча, ҳозирги раҳбарият ўзига бўлган ишончни сақлаб қолган ҳолда фаолиятини давом эттира олмайди. Узоқ вақт давомида тизимли қоидабузарликларга алоқадор бўлган директорлар кенгаши қандай обрў ва ишончга эга бўлиши мумкин?» — деди Бернштейн.
Маълумот учун, «Манчестер Сити»га нисбатан молиявий қоидабузарликлар бўйича иш юзасидан жараён давом этмоқда.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади