«Ливерпул» «Порту» вингери Виллиам Гомесга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда A Bola нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, мерсисайдликлар 20 ёшли футболчини Муҳаммад Салоҳнинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган номзодлардан бири сифатида кўрмоқда. Брэдли Барколянинг жамоага келиб қўшилганига қарамай, «Ливерпул» ҳужум чизиғини янада кучайтириш имкониятларини ўрганмоқда. Клуб раҳбарияти Гомеснинг ўйинларини кузатиб бормоқда ва уни келажакдаги трансфер мақсадларидан бири сифатида баҳоламоқда.
Яқинда бразилиялик футболчи «Порту» билан шартномасини 2031 йилга қадар узайтирди. Янги келишувдан сўнг унинг шартномасида белгиланган товон пули 80 миллион евродан 100 миллион еврога оширилди. Шунга қарамай, «қизиллар» футболчига бўлган қизиқишини сақлаб қолмоқда.
Ушбу мавсумда Виллиам Гомес барча мусобақалар доирасида 10 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 2 та ассист амалга оширди.
Маълумот ўрнида, Transfermarkt портали 20 ёшли футболчининг трансфер нархини 30 миллион еврога баҳоламоқда. Унинг «Порту» билан амалдаги шартномаси 2031 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.