UFC’нинг ярим оғир (93 кггача) ва оғир (120 кггача) вазн тоифаларида собиқ чемпиони, 39 ёшли америкалик Жон Жонс аралаш яккакурашлардаги фаолиятини қайта тиклаши мумкинлигини маълум қилди.
«Катта эҳтимол билан бошқа жанг қилмайман. Бироқ ҳозир ҳам допинг назоратидан ўтяпман. Қайтиш имкониятини очиқ қолдиряпман, чунки келажакда нима бўлишини ҳеч ким билмайди», — деб ёзди Жонс X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Маълумот ўрнида, Жон Жонс 2008–2024 йилларда профессионал даражада жанг қилган. У 28 та ғалаба ва битта мағлубият қайд этган, яна бир жанги ўтказилмаган деб топилган. Жонс 23 ёшида UFC чемпионига айланиб, ташкилот тарихидаги энг ёш чемпион сифатида рекорд ўрнатган.
Аввалроқ америкалик собиқ чемпион Илия Топурия ва Ислом Махачев ўртасидаги эҳтимолий жанг бўйича ўз тахминини билдириб ўтганди.