«Нефтчи» клуби ОЧЛ Элит мусобақасининг илк ўйинини ғалаба билан якунлашга муваффақ бўлди. Ироқнинг «Эйр Форс» жамоасига қарши ўтказилган баҳсдан кейин фарғоналиклар бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманид иштирок этди.
- Барча фарғоналик мухлисларни ва Ўзбекистонда бизни қўллаб-қувватлаб турган барча ишқибозларни бугунги ажойиб ғалаба билан табриклаймиз. Бу ғалаба муҳим эди. Доим мусобақани бошлаш қийин кечади. Ўйиндан олдин кўпчилик «Нефтчи» бу жамоани енгил ёки йирик ҳисобда ютади, деб айтиши мумкин эди. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳеч қайси жамоани қайсидир рақибни йирик ҳисобда ютиши кафолатланмаган. Ҳар бир жамоа ҳар ўйинга бошқа қарашлар билан тайёргарлик кўради. Албатта, мусобақа билан мусобақани фарқи бор. Осиё Чемпионлар лигаси – бу юқори даражадаги мусобақа. Унда оддий жамоалар иштирок этмайди. Бугунги рақибимизга ўйиндан олдин етарлича баҳо бердик. Уларни ўрганишга ҳаракат қилдик ва ўйинни назорат қилишга уриндик. Кўплаб имкониятлар яратдик. Тўғри, рақибда ҳам имкониятлар бўлди. Афсуски, биз хоҳлаган вазиятларда гол бўлмади. Шунинг ҳисобига қийин кечди. Ўйин вақти якунланиб боргани сари бизда икки баробар босим кўпайди ва бу ўз-ўзидан ўйинга таъсир ўтказишни бошлади. Кўп ҳолатларда тўп йўқотишга мажур бўлдик. Ўйинни маълум қисмида иккита ҳужумчи билан ҳаракат қилдик. Ўйин давомида бир қатор схемаларни кўздан кечиришга муваффақ бўлдик. Ҳа, бу катта таваккалчилик эди. Лекин олдимизда бошқа йўл йўқ эди. Худога шукр, ҳаммаси биз хоҳлагандек ғалаба билан тугади. Энг муҳими, ғалаба. Қолган нарсалар бизни қизиқтирмайди. Шукурки, биринчи қадамни қўйиб олдик. Кейинги учрашувларда ҳам максимал ҳаракат қиламиз.
- Биринчи бўлимда футболчилар бироз ишончсиз ўйнагандек бўлди, балки шундай кўрсатма бўлганми? Иккинчи бўлимда жамоа ўзига ўхшади. Бразилиялик янги ўйинчи Сассе алмаштирилди, мухлислар томонидан унга кўп норозичилик бўлди. Сассе ҳақидда фикрингиз қандай?
- Сассе, умуман легионерлар масаласига келадиган бўлсак, жамоада жароҳатлар жуда кўпайиб кетди. Кўриб турибсизлар, иккинчи даврадан бошлаб ҳеч қайси учрашувни оптимал таркиб билан ўтказа олмаяпмиз. Жароҳатлар кўпайгани ва мавсум ўзининг энг зич ҳамда қизғин палласига кираётганини ҳисобга олиб, аввало, раҳбариятга миннатдорчилик билдираман. Улар бизга қўшимча футболчиларни олиб беришди. Сассени маҳоратига шубҳа йўқ. Лекин уни ҳам ҳолатини тўғри тушуниш керакки, жаҳон чемпионатидан кейин ҳеч қайси расмий ўйинда майдонга тушмаган. Бу ерга келиб икки марта машғулотда қатнашиб, ОЧЛда асосий таркибда майдонга тушяпти. Ундан ортиғини қила олмасди. Режамиз ҳам Сассени бир тайм давомида ўйнатиш ва иккинчи таймда янги кучларни майдонга тушириш эди. Афсуски, Аброр Исмоиловни эски жароҳати яна қайта безовта қилди. Шунинг учун Сассени иккинчи таймда ушлаб туришга мажбур бўлдик. Албатта, вақт керак. Иккинчи томони шундаки, улар фақат ОЧЛ Элит мусобақасида ўйнай олишади. Биз уларни шу ўйинлар орқали тонусга олиб келишга мажбурмиз. Олдимизда бошқа йўл йўқ. Бу ҳолатдан чиқиш учун тинимсиз изланяпмиз. Футболчига тушунтиряпмиз, улар билан алоҳида машғулотлар бошлаганмиз. Худо хоҳласа, кейинги учрашувларда уларни оптимал формага олиб кира олсак, албатта жамоага ёрдам беришади. Бундан ташқари, битта учрашувдан хулоса қилиш ҳам нотўғри бўлади. Сабаби, барча нарсага вақт керак. У ҳаёти давомида Осиёда умуман ўйнамаган футболчи. Бразилия, Африка қитъасида, Тунисда ўйнаган. У ердан келиб бу футболчига катта таъсир қиладиган ҳолат. Келганига ўзи бир ҳафта бўлгани йўқ. Лекин бизни қарашларимизда у биринчи таймда имкон қадар тўғри ўйнашга ҳаракат қилди. Тўғри, хатолар бўлди, кўп ҳолатларда тўп йўқотди. Айнан тактик томондан қарайдиган бўлсак, у тўғри позицияларда бўлди. Албатта, бу ўйинчилар ҳам ўз сўзини айтишади.
- Бу ўйинда кўпроқ нимадан қониқдингиз ва нимадан қониқмадингиз? Кейинги учрашувларда нималарни яхшилаш керак? Шу билан бирга Жамшид Искандеров ҳолати бўйича ҳам тўхталсангиз.
- Мураббий ҳеч қачон ўйиндан тўлиқ қониқмайди. Ишлашимиз керак бўлган жиҳатлар жуда кўп. Бугун кўзга ташланган асосий муаммолар – ҳимоядан ҳужумга ўтишда тезлик етишмаяпти. Мавсум якунланяпти, футболчиларда чарчоқ кузатилиши табиий ҳолат. Ҳар 4-5 кунда учрашувлар ўтказяпмиз. Доимий равишда футболчилардан интенсив футбол талаб қиламиз. Тўп назорати биз учун ҳеч нарсани бермайди. Мураббий сифатида тўп назоратига эътибор қаратмайман. Мен учун энг аҳамиятли нарса – биз рақиб жарима майдони ичига қанчалик тез етиб боришимиз ва у ерда қанчалик кўп вазиятлар яратишимиз муҳим. Кимдир 300-400 та пас ўйнаб, дарвозага бир бор зарба бериши мумкин. Кимдир иккита пас ўйнаб дарвозага зарба йўллаши мумкин. Футболни асл моҳияти ҳам кўпроқ гол уриш. Шунинг учун ўйинчилардан доимий равишда фақат олдинга, ҳужумкор футболни талаб қиламиз. Лекин масалани иккинчи томони шундаки, ҳужумкор футбол катта кучни талаб қилади. Ҳар сафар олдинга ўйнаганингизда тўп йўқотиш хавфи кўпроқ бўлади. Шуни кўриб мухлислар кўп хато қиляпти, дейишлари мумкин. Йўқ, кўп хато қилаётганимиз йўқ, ҳужумкор ўйнаганимиз учун иложи йўқ хато қиляпмиз. Доим олдинга ўйнаш қийин. Ким хато қилмайди? Олдинга ўйнамайдиган хато қилмайди. Орқага ёки ёнга ўйнайдиган бўлса, учрашувни бехато ўтказиши мумкин. Кўнглим тўлмаётгани айнан ҳимоядан ҳужумга ўтишда тезлик етишмаётганидир. Жамшид Искандеровни жароҳатига келадиган бўлсак, у даволаниш жараёнида. Шифокорларимиз алоҳида дастур асосида ишлашяпти. Яқин кунларда жамоа сафига қайтиши кутиляпти.
- Юқорида айтганингиздек, тақвим анча зич. Суперлига, Кубок баҳслари ва ОЧЛ Элит ўйинлари мавжуд. Орада ФИФА кунлари ҳам бор. Шу вақт давомида жамоани формада ушлаб туриш учун ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш режада борми?
- ФИФА кунларини ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ кутяпмиз. Сабаби, жароҳатдаги футболчиларимизни формага қайтариб олиш учун шу дам кунлари бизга керак. Бундан максимал фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Бу жараёнда албатта ўртоқлик учрашувларини ўтказиш кўзда тутилган. Лекин рақиблар бўйича аниқ якуний қарорлар йўқ. Ҳаммаси аниқ бўлгач, жамоа матбуот хизмати бу бўйича эълон қилади», - дея Ислом Исмоиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади