Live
8
Ўзбек

Ислом Исмоилов: «Янги легионерлар учун жамоада жой кафолатланмаган»

Эксклюзив
9 сентябр, 15:13
Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.
Ислом Исмоилов: «Янги легионерлар учун жамоада жой кафолатланмаган»
Фото: Нефтчи ПФК
09.09.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Нефтчи Нефтчи 2 : 1 Сурхон Сурхон

«Нефтчи» клуби ўз майдонида «Сурхон»ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Аммо фарғоналиклар анча қийналишди ва рақиб томонидан муносиб қаршиликка дуч келишди.

Учрашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Барчани оғир ва қийин ўтган ғалаба билан табриклаймиз. Мухлисларимизга раҳмат, учрашув охиригача қўллаб-қувватлашди. Чемпионатда ҳеч қайси ўйин осон ўтмайди. «Сурхон» жамоасини охирги учрашувларини кўриб чиққанимизда ҳамма етакчи клубларга яхши қаршилик кўрсатган. «Пахтакор»дан очко тортиб олган. Наманганда «Навбаҳор» ҳам қийин ғалабага эришган. Тўғри, «Сурхон» ёшлардан ташкил топган жамоа. Лекин бу уларни кучсиз дегани эмас. Барибир футболчилари майдонда катта шижоат билан ҳаракат қилишяпти. Бугун ҳам охирги дақиқагача кураш таклиф қилишди. Албатта, бундай ўйинлар ҳам бўлиб туради. Футболчиларни бу борада огоҳлантирганмиз. Афсуски, кўп ҳолатларда хатоларга йўл қўйдик. Аслида учрашувни ёмон бошламагандик. Биринчи таймдан кейин 2:0 ҳисобидаги ғалаба ва кейин хатолар ўйин суръатини ошириб юборди. Натижадан келиб чиқиб футболчиларда юқори босим пайдо бўлди. Шунга қарамасдан охиригача курашдик. Вазиятларимиз ҳам бўлди. Барибир ўзимиз хоҳлагандек ўйин ўтказа олмадик.

- Охирида ҳимоя чизиғи бешталикка ўтилди. Бу қандайдир кейинги учрашувга тайёргарликмиди?

- Йўқ, кейинги учрашувга тайёргарлик эмасди. Аброр Исмоиловда чарчоқ аломатлари бўлгани боис алмаштирдик. Захирамизда Муҳсин Убайдуллаев билан Анвар Ғофуров қолганди. Шунинг учун Анвар Ғофуровни туширдик. Унга ҳам аста-секинлик билан ўйин амалиёти беришимиз керак.

- ОЧЛ олдидан жамоага икки нафар бразилиялик футболчилар қўшилишди. Мослашиш қанчалик тез фурсатда ўтиб, ўйинга тайёрланишади?

- Барибир улар қанчадир вақт давомида жамоа билан машғулот ўтказишмаган. Индивидуал шуғулланишган. Максимал даражада мураббийлар штаби билан уларни тезроқ жамоа ва унинг ўйинига мослаштиришга ҳаракат қиламиз. Режалар тузиб чиқдик. Бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Албатта, улар учун жамоада жой кафолатланмаган. Ҳар бир футболчи рақобат учун курашиши керак. Ким рақобатда ғолиб бўлса, у ким бўлишидан қатъий назар майдонда ўйнайди. Бунинг учун машғулотлардаги меҳнатлари ва ўйинлардаги ҳаракатлари ҳисобга олинади.

- Йововични жароҳати жиддий эмасми?

- Ҳозирча аниқ ташхис йўқ. Лекин айтиши бўйича, мускул тортилиши бўлган. Шифокорлар текширувдан ўтказишади ва кейин аниқ бўлади.

- Майдон сифати ўйинга таъсир
қилдими?


- Иккала жамоа ҳам шу майдонда ўйнади. Майдонни баҳона қилишга ҳаққимиз йўқ. Тўғри, майдон қанча сифатли бўлса, ўйин сифати ҳам шунча юқори бўлади», - дея Ислом Исмоиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Нефтчи Нефтчи
  • Сурхон Сурхон
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар