Англиядаги ҳаваскор жамоа дарвозабони Угандадаги анъанавий қиролликлардан бирининг янги монархи (қироли) бўлади.
Ҳаваскор лигада иштирок этувчи «SE Dons» жамоаси сардори Жорж Дезмонд Камураси Африканинг ғарбидаги Уганда ҳудудида жойлашган Торо қироллигининг омукамаси (қироли) этиб сайланди.
Қарор тахтга ворислик масалалари бўйича 21 нафар аъзодан иборат қироллик қўмитаси томонидан қабул қилинган. Ушбу лавозимни аввал Камурасининг амакиваччаси — 27 август куни саратон билан курашдан сўнг вафот этган қирол Ойо Нимба Кабамба Игру Рукиди IV эгаллаб келган.
Омукама лавозими асосан маданий мақом ҳисобланади ва сиёсий ҳокимиятни англатмайди. Торо қироллиги Угандадаги анъанавий қиролликлардан бири бўлиб, унинг маркази мамлакат ғарбидаги Форт-Портал шаҳри ҳисобланади.
Торо қироллиги 1993 йилда Угандадаги анъанавий қиролликлар қайта тикланганидан сўнг маданий институт сифатида фаолиятини давом эттирган. 1967 йилда мамлакат ҳукумати монархияларни бекор қилганди. Ҳозирги кунда бундай қиролликлар сиёсий эмас, асосан маданий автономия мақомига эга.
Торо аҳолиси тахминан 800 минг кишини ташкил этади. Қироллик ҳудудида асосан торо халқи истиқомат қилади.
36 ёшли Камураси Лондонда яшайди ва «SE Dons» жамоасида дарвозабон ҳамда сардор сифатида фаолият юритади. У янги мақомни қабул қилиш учун Лондондан кўчиб кетишга иккиланмоқда. Қолаверса, унинг жамоаси қирол Ойонинг дафн маросими билан бир кунга тўғри келадиган кубок баҳсида иштирок этиши керак.
Англиядаги ҳаваскор жамоа сардори Угандадаги қиролликлардан бирининг монархига айланди
Футбол
9 сентябр, 12:01
Қирол этиб сайланган 36 ёшли футболчи Лондондан кетишга иккиланмоқда.
Foto: Getty Images