«Барселона» афсоналар жамоасининг собиқ аъзоси Хави Эрнандес клуб фахрийлари сафидан четлатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
АS нашрининг маълум қилишича, испаниялик мутахассис Майами ва Сеулда ўтказилган сўнгги икки учрашув учун афсоналар жамоаси таркибига киритилмаган.
Манбага кўра, бунга Хавининг «Барселона» президентлиги сайловларида амалдаги раҳбар Жоан Лапортага қарши позицияда бўлгани сабаб бўлган. У сайловларда Виктор Фонт номзодини қўллаб-қувватлаган, бироқ якунда Лапорта ғалаба қозонган эди.
Қайд этилишича, афсоналар жамоаси таркибини шакллантириш билан Алеҳандро Эчеваррия шуғулланади. Хави сайлов кампанияси вақтида айнан Эчеваррияни танқид қилиб, уни клуб бошқарувида катта таъсирга эга шахс сифатида кўрсатган.
Хабарларга кўра, Хавининг вакилларига клуб фахрийлари ўйинлари ташкилотчиларидан қўнғироқ бўлган ва унинг Сеулдаги учрашувда иштироки маъқулланмагани айтилган.
Шу билан бирга, «Барселона» вакиллари вазият вақтинчалик эканини ва келажакда бу масала ижобий ҳал этилиши мумкинлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Хави футболчи сифатида «Барселона» сафида 700 дан ортиқ учрашувда майдонга тушган ва клуб тарихидаги энг буюк футболчилардан бири ҳисобланади.