«Манчестер Сити»нинг собиқ бош мураббийи Пеп Гвардиола АҚШ миллий жамоаси бошқарувига келиши мумкин. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
Манбага кўра, бу Маурисио Почеттино Майкл Кэррик ўрнига «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилиб олган тақдирда юз бериши мумкин.
АҚШ футбол федерациясида Гвардиола номзоди жиддий муҳокама қилинмоқда. Аввалроқ испаниялик мутахассис Италия миллий жамоасини бошқариш таклифини рад этган ва дам олишни маъқул кўрган эди.
Гвардиола «Манчестер Сити» билан биргаликда Англия Кубогида уч марта, Премер-лигада олти марта ва Англия Лига кубогида беш марта ғолиб чиққан. Шунингдек, унинг қўл остида «шаҳарликлар» уч марта Англия Суперкубогини қўлга киритган.
Бундан ташқари, «Сити» испаниялик мураббий бошчилигида Чемпионлар лигаси, УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бир мартадан ғолиб бўлган.
Гвардиола мураббийлик фаолияти давомида «Барселона» ва «Бавария» билан ҳам кўплаб нуфузли совринларни қўлга киритган.