«Фулҳем» клуби «Реал Мадрид»нинг 18 ёшли яримҳимоячиси Тиаго Питарчга қизиқиш билдирмоқда.
Бу ҳақда Испаниянинг Marca нашри хабар берди.
Лондон клуби бу ёзда янги бош мураббий Алваро Арбелоанинг собиқ жамоаси «Реал Мадрид»дан футболчиларни фаол равишда жалб қилмоқда. Аввалроқ «Фулҳем» Сезар Паласиос ва Испания U-21 жамоаси ҳужумчиси Гонсало Гарсияни трансфер қилиш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Икки футболчи учун умумий трансфер суммаси 50 миллион евро атрофида бўлиши кутилмоқда.

Энди эса «Фулҳем» «Реал»дан учинчи футболчи — Тиаго Питарчни ҳам ўз сафида кўрмоқчи.
18 ёшли ярим ҳимоячи 2023 йилда «Реал Мадрид» академиясига қўшилган. Жорий йилнинг февралида Чемпионлар лигасида асосий жамоа сафида дебют қилди ва 2025/26-йилги мавсум якунига қадар асосий жамоа таркибида барча мусобақаларда 16 та ўйинда майдонга тушди.
Питарч айниқса Алваро Арбелоа қўл остида ўзини яхши кўрсатган. Ёш футболчи мураббийнинг ишончини қозонган ва Арбелоа «Фулҳем»га кетганидан сўнг, у билан яна бирга ишлашни истамоқда.

«Реал Мадрид» эса ҳозирча Питарчни асосий жамоада эмас, «Кастиля» сафида қолдиришни режалаштирмоқда. Шу сабабли унинг келаси мавсумда Жозе Моуринио бошқарувидаги асосий жамоада етарлича ўйин амалиётига эга бўлиши ҳақиқатдан йироқ масала.
Ма`лумотларга кўра, Питарчнинг тахминий трансфер нархи 20 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
Агар трансфер амалга ошса, «Фулҳем» бу ёзда «Реал Мадрид»дан бирданига уч футболчи олган бўлади. Арбелоа эса собиқ шогирдларини янги жамоасида бирлаштириши мумкин.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади