Мадриднинг «Реал» клуби ҳимоячиси Фран Гарсия яқин вақт ичида «Бетис» футболчисига айланиши мумкин. Бу ҳақда журналист Самуэл Сильва хабар берди.
Манба маълумотига кўра, сўнгги соатларда томонлар музокараларда сезиларли даражада илгарилаган. Бунга 26 ёшли футболчининг ўзи «Реал» раҳбариятидан уни «Бетис»га қўйиб юборишни сўрагани туртки бўлган.
Ҳозирда клублар трансфернинг сўнгги тафсилотларини келишиб олмоқда.
Маълумот учун, Гарсия «Реал» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У ўтган мавсум барча турнирларда 23 та учрашувда иштирок этиб, 1 та гол ва 1 та голли узатма қайд этди.
Ҳимоячининг мадридликлар билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади. Transfermarkt портали унинг трансфер қийматини 10 миллион евро деб баҳоламоқда.