«Фенербаҳче» «Челси» вингери Жейми Гиттенс трансфери бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги хабарларни расман рад этди.
Туркия клубининг маълум қилишича, айрим ОАВда тарқалган 22 ёшли футболчига қизиқиш ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. «Фенербаҳче» бундай маълумотларни клубга босим ўтказишга қаратилган «сунъий равишда яратилган кун тартиби» деб атади.
«Бугун айрим ОАВда клубимизнинг «Челси» футболчиси Жейми Гиттенсга қизиқиши ҳақида тарқалган хабарлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Сохта трансфер хабарлари ва сунъий равишда яратилган кун тартиби орқали «Фенербаҳче»ни манипуляция қилишга уринишлар ҳеч қандай самара бермаслигини яна бир бор аниқ таъкидлаймиз», — дейилади клуб баёнотида.
«Фенербаҳче» мухлисларни асоссиз хабарларга эътибор бермасликка ва трансферлар борасида фақат клубнинг расмий манбаларига таянишга чақирди.
Маълумот учун, Гиттенс ўтган ёзда Дортмунднинг «Боруссия» клубидан «Челси»га 48 миллион фунт эвазига ўтганди. Ўтган мавсумда жароҳат сабаб АПЛда 16 та баҳсда майдонга тушиб, гол ура олмади.