«Астон Вилла» бош мураббийи Унаи Эмери жамоа дарвозабони Эмилиано Мартинеснинг келажаги ҳақида фикр билдирди.
«Мартинес бизга янги чақириқни қабул қилишни хоҳлаётганини айтди. Бу фақат ҳозирги вазиятга боғлиқ эмас, у ўтган йили ҳам шундай истагини билдирганди. Бироқ у қолиб, ажойиб футбол намойиш этди», — деди Эмери.
Шунингдек, испаниялик мутахассис «Астон Вилла» Зион Сузуки билан шартнома имзолаганида буни келажак учун эмас, айнан ҳозир жамоани кучайтириш мақсадида амалга оширганини таъкидлади. Унинг фикрича, таркибда юқори даражадаги икки нафар дарвозабоннинг бўлиши яхши.
Эслатиб ўтамиз, Мартинез 2020 йилдан буён «Астон Вилла» сафида тўп тепмоқда. 33 ёшли аргентиналик дарвозабон ўтган мавсумда барча турнирларда 44 та учрашувда майдонга тушиб, 49 та гол ўтказиб юборди ва 14 та баҳсда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.