«Аталанта» «Лейпциг» яримҳимоячиси Элиф Элмасни ўз сафига қўшиб олганини эълон қилди. 26 ёшли футболчи Бергамо клубида ижара асосида ўйнайди. Шартномада уни сотиб олиш ҳуқуқи ҳам кўзда тутилган.
Элмас фаолиятини ватани «Работнички» клубида бошлаган. Кейинчалик Туркиянинг «Фенербаҳче» клубига ўтган ва 2019 йилда «Наполи» сафига қўшилган. У неаполликлар сафида бир қатор совринларни, жумладан, Италия чемпионлигини қўлга киритган.
2024 йил январида яримҳимоячи «Лейпциг» футболчисига айланди. Ўтган мавсумни эса ижара асосида «Наполи»да ўтказиб, 44 та баҳсда 1 та гол ва 4 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Элмас Шимолий Македония миллий жамоасида 2017 йил июн ойида дебют қилган. Унинг ҳисобида 79 та ўйин ва 13 та гол бор. Тransfermarkt футболчининг бозор қийматини 13 миллион еврога баҳоламоқда.