Live
1
Ўзбек

Элдор Адҳамов: «Кейинги босқичда кучлироқ жамоа тушишини хоҳлардим»

Эксклюзив
16 сентябр, 02:42
«Олимпик Мобиуз»га қарши баҳсдан сўнг Адҳамов Tribuna.uz учун эксклюзив интервю берди.
Элдор Адҳамов: «Кейинги босқичда кучлироқ жамоа тушишини хоҳлардим»
Фото: Андижон ПФК
15.09.2026 AP Ўзбекистон Кубоги Андижон Андижон (5) 2 : 2 (4) Олимпик МобиУз Олимпик МобиУз

Ўзбекистон Кубоги 1\8 финал доирасида «Андижон» Пролига аъзоси – «Олимпик Мобиуз» жамоасини қабул қилди. Асосий вақт 2:2 ҳисоби билан якунланди. Экстра таймларда ҳам ҳисоб ўзгармади. Пеналтилар сериясида эса майдон эгалари 5:4 ҳисобида ғалаба қозонди ва чорак финалга чиқди.

Пеналтилар сериясида рақибни охирги зарбасини қайтарган дарвозабон Элдор Адҳамов табиийки, учрашув қаҳрамонига айланди. Учрашувдан кейин дарвозабон бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Ўйин ҳақидаги таассуротларингиз қандай бўлди?

- Қийин бўлишини билардик. Чунки бундай жамоаларга қарши аввало «настрой» қилишни ўзи қийин. Боз устига «Олимпик Мобиуз» ёшлардан ташкил топган, яхши лойиҳа. Терма жамоаларга номзодларни етказиб беради. У ердаги барчаси иқтидорли йигитлар. Қарши ҳужум хавфли бўлишини билиб тургандик. Аммо биринчи бўлимда умуман муаммо бўлгани йўқ. Иккита гол урганимиздан кейин менимча ғалаба қозондик, деб ўйлаб бироз бўшашдик. Эрта хотиржамликка берилганимиз эвазига иккита гол ўтказиб юбордик. Аммо ўзимизни тез қўлга олиб, яна ҳужум қилишни бошладик. Сўнгги дақиқагача рақибни хавф остида ушлаб турдик. Аммо омадимиз келмади. Ғалаба барибир пенальтилар сериясига ёзилган экан, юзимиз ёруғ бўлди.

- Якунда ўйин қаҳрамонига айландингиз. Пеналтилар сериясидаги охирги зарбада қутқардингиз. Ўша ҳолатни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

- Ўшанда рақиб футболчисини кўзига қараётганимда бироз хаяжонланаётганини билдим ва бурчакка тепа олмайди, деб ўйладим. Бунақа ҳолатда кўпчилик таваккал қилишга қўрқади. Қаерга тепишини ўйладим. Ҳатто, охирги лаҳзада ҳам тўп дарвозага кириб кетяпти деб ўйладим. Худога шукр, реакция бўлиб, оёғим билан қайтардим.

- Пеналтилар сериясида аксарият зарбаларнинг йўналишини топгандингиз. Қолаверса, зарба беришдан олдин рақиб футболчиларига ҳам нимадир дедингиз...

- Бу менинг шахсий сирим. Нимадирлар дейиш кўп нарсани ҳал қилмайди. Ҳаммаси Худодан. Бу шунчаки, футболчиларни чалғитиш учун ишлатиладиган оддий нарса. Кўпинча футболчиларни мувозанатини йўқотишга сабаб бўлиб, иш бериб қолади. Зарбани тепаётган охирги футболчи хаяжонланиб қолди.

- Жамоа 2:0 ҳисобида олдинда эди, кейин ҳисоб тенглашди. Экстра таймлар ва пеналтилар серияси. Ўйиндан олдин бундай режа умуман бўлмаган бўлса керак...

- Йўқ, ҳаттоки, уйга қайтишга самолётга билет ҳам олиб қўйгандим, чунки осонлик билан ютамиз, деб ўйлагандик. Ҳаммаси куйиб кетди. Лекин яна бир марта бизга дарс бўлди. Аслида рақибга енгил қарамагандик. Фақат 2:0 дан кейин бироз бўшашдик.

- «Андижон» чорак финалга чиқди. Қайси рақибни кутяпсиз?

- Кучлироқ рақиб бўлса ҳам яхшироқ бўларди. Чунки бугунгидек рақибларга қарши «настрой» қилиш қийинроқ.

- 20 сентябр куни «Насаф»га қарши ўтадиган ўйин олдидан нима деган бўлардингиз?

- Бир кун дам бўлади. Бу умуман бошқача ўйин бўлади. Маҳоратли ўйинчиларга эга. Бундай пайтда хоҳлайсизми-йўқми, азарт қаттиқ уйғонади. Худо хоҳласа, ғалаба қозониб мухлисларни хурсанд қиламиз.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Андижон Андижон
  • Олимпик МобиУз Олимпик МобиУз
  • Ўзбекистон Кубоги Ўзбекистон Кубоги
Бугунги янгиликлар