Live
1
Ўзбек

Ислом Аҳмедов: «Ҳаммасини 90 дақиқа вақт мобайнида ҳал қиламиз, деб ўйлагандик»

Эксклюзив
15 сентябр, 16:08
«Андижон» устози жамоасининг ғалабаси ҳақида фикр билдирди.
Ислом Аҳмедов: «Ҳаммасини 90 дақиқа вақт мобайнида ҳал қиламиз, деб ўйлагандик»
Фото: Андижон ПФК
15.09.2026 AP Ўзбекистон Кубоги Андижон Андижон (5) 2 : 2 (4) Олимпик МобиУз Олимпик МобиУз

Ўзбекистон Кубоги 1\8 финал доирасида «Андижон» ўз уйида про лига вакили – «Олимпик Мобиуз»ни қабул қилди. Асосий вақт 2:2 билан якунланди. Қўшимча вақтларда ҳам гол урилмади. Пеналтилар сериясида мезбонлар 5:4 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўйиндан кейин «Андижон» бош мураббийи Ислом Аҳмедов матбуот анжуманида қатнашди.

- Жуда оғир кечган ўйиндаги қийин ғалаба билан барчани табриклаймиз. Ўйин бўйича ҳеч нима ўхшамади. Чемпионатдаги энг ёмон ўйинимизни кўрсатдик, десак бўлаверади. Энг муҳими, оғир бўлса ҳам ғалабага эришдик. Ўйинни кўриб чиқиб таҳлил қиламиз. Бошида айтгандик, барибир ёшларда кучлироқ жамоага қарши ўйнаш учун, ўзини кўрсатиш борасида мотивация кўпроқ бўлади. Буни футболчиларимизга тушунтиргандик. Барибир якунда менсимаслик ҳолати кузатилди ва бу ўйинда сезилди. Рақиб ўйин тизгинини ушлаб олди, бизда эса ўхшамади. Ҳа, ҳужумлар кўп қилдик, вазиятларимиз ҳам бўлди, якунлай олмадик. Умуман олганда, учрашув оғир кечди.

- Биринчи бўлимдан кейин Мартин Боаке нега алмаштирилди? У тўпни ўзида назорат қилиб турганди ва рақиб ҳимоячиларини бўйи пастлиги эвазига Боакедан яна фойдаланиш мумкин эмасмиди?

- Ҳа, фойдаланиш мумкин эди. Лекин ўртада тўп назоратини бериб қўяётгандик. Шу боис Драганни майдонга тушириб, тўпни кўпроқ назорат қилиб, ҳужумлар ташкил қилишни режа қилгандик. Шу боис Мартинни биринчи бўлимдан сўнг олишга мажбур бўлдик.

- Қандайдир ўйинчиларда кўзи ёнмаслик ҳолати кузатилди. «Олимпик Мобиуз» про лигада ўртамиёна жамоалардан бири. «Андижон» эса Суперлигада. Ушбу рақибни асосий вақтда юта олмаслигига нима етишмади?

- Айтганимдек, биринчи ўринда футболчиларни руҳий тайёргарлиги, ўйинга бўлган муносабати. Ҳар қандай рақибни қанақа лигада ўйнашидан қатъий назар ҳурмат билан чиқиб, профессионаллигини кўрсатиши керак эди. Бироз бўшашишлик билан майдонга чиқишди. Шуни ҳисобига улар ўйин тизгинини «ушлаб» олишди. Рақибга ўзимиз ўйнаса бўлади, деган ишончни бериб қўйдик. Шу боис уларда ҳамма нарса ўхшайверди. Бизда эса гол уриш учун шошилиш кузатилди ва бунинг оқибатида кўп хатоларга йўл қўйдик.

- Ўйин давомида жамоангиз 2:0 ҳисобида олдинда борди, кейин 2:2 бўлди. Кейинчалик воқеалар ривожи «Андижон» учун кутилмаган тус олди ва қўшимча дақиқалар, якунда пенальтилар серияси кузатилди. Пенальтилар серияси олдидан футболчиларни қандай танлаб олдинглар? Демоқчиманки, олдиндан пенальтилар серияси учун режа бўлмаган бўлса керак…

- Ҳа, бундай режамиз йўқ эди. Ҳаммасини 90 дақиқа вақт мобайнида ҳал қиламиз, деб ўйлагандик. Шунга тайёргарлик кўргандик. Тўғриси, қўшимча дақиқаларга ҳам, пенальтилар сериясига ҳам тайёргарлик кўрмагандик. Пенальтилар серияси олдидан ўйинчиларни ўзлари ташаббус билан чиқишди. Кимда ўзига ишонч бўлса, тепишларини айтдик.

- 20 сентябр куни «Андижон» чемпионат доирасида «Насаф»ни қабул қилади. Бугунги ўйиндан қандай хулоса қиласиз ва бўлажак учрашувга тайёргарлик режалари қандай бўлади?

- Энг асосийси, тикланишга эътибор қаратамиз. Бугун кўп куч йўқотдик. Яъни, «Насаф» билан учрашувга у қадар кўп куч йўқотмаган ҳолда етиб борамиз, деб ўйлагандик. Биз режа қилаверамиз, аммо Аллоҳнинг режалари бошқа. Худоимни айтгани бўлади. Кўпроқ тикланишга эътибор қаратамиз ва бу ўйинда йўл қўйилган хатолар устида ишлаймиз.

- Александр Андроникашвили жамоада кўринмаяпти. У жароҳат олганди ва «Насаф» билан ўйинга тушадими?

- Андроникашвили охирги учрашувларда жароҳат билан ўйнаётганди. Жароҳати кучайиб кетганини ҳисобига ўзимизда тиббий кўрикдан ўтди ва унга шифокорларимиз маълум вақт дам бериш кераклигини айтишди. Грузияга бориб, у ерда ҳам тиббий текширувдан ўтди ва тикланиш жараёнини юртида ўтказяпти. Очиғи, «Насаф» билан учрашувгача тайёр бўлмайди. ФИФА кунларида сафимизга қайтади», - дея Ислом Ғуломовични сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Андижон Андижон
  • Олимпик МобиУз Олимпик МобиУз
  • Ўзбекистон Кубоги Ўзбекистон Кубоги
Бугунги янгиликлар