«Интер» бош мураббийи Кристиан Киву Италия чемпионатининг 10-туридан ўрин олган «Милан»га қарши дерби олдидан жамоанинг ҳолати ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, футболчиларда кучни тиклаш, айниқса, руҳий жиҳатдан ўзига келиш учун бир неча кун вақт бор.
«Дербига 25 очко билан яқинлашмоқдамиз. Ҳозирги ҳолатимизни яхши тушунамиз ва бор кучимизни ишга солишимиз кераклигини биламиз. Кучларни тиклаш, энг аввало, руҳий жиҳатдан ўзимизга келиш учун бир неча кунимиз бор. Бу танаффусда алмаштиришга мажбур бўлган футболчиларга ҳам тегишли. Дербининг ўзига хос тарихи бор, биз унга тайёр бўламиз», — деди Киву «Интер» расмий сайтига берган интервюсида.
Мутахассис ҳимоячи Карлос Августо билан боғлиқ вазиятга ҳам изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, футболчи ўзини яхши ҳис қилмаган бўлса-да, қарши ҳужумлардан ҳимояланиш мақсадида уч марказий ҳимоячили схемада майдонга туширилган. Киву бразилиялик футболчининг жамоага қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади.
«У бизга энергия, куч ва тезлик олиб келмоқда, бундан ташқари, голлар ҳам урмоқда. Унинг ҳиссасидан жуда мамнунмиз», — деди мураббий.
Киву мавсумни муваффақиятли бошлаганидан кейин ҳам диққатни йўқотмаслик ва ғалабаларга бўлган иштиёқни сақлаш муҳимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, жамоа техник, тактик ва руҳий жиҳатдан ҳали кўп ишлаши керак. Ўтган мавсумда эришилган натижалар эса янги мақсадлар сари интилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас.
Маълумот учун, «Интер» Италия чемпионатининг 9-турида «Венесиа»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган. «Милан» эса ўз майдонида «Болоня»га 2:4 ҳисобида имкониятни бой берган.
Эслатиб ўтамиз, «Милан» ва «Интер» ўртасидаги дерби 31 октябр, шанба куни Тошкент вақти билан 00:45 да бошланади.