«Барселона» спорт директори Деку испаниялик яримҳимоячи Родри Эрнандеснинг Каталония клубига ўтиши ҳақида гапириб ўтди.
«Биз жамоамизга энергия етишмаётганини ҳис қилгандик. Айниқса, Рафиня майдонда бўлмаган пайтларда бу яққол сезиларди.
Шунингдек, майдон марказида мувозанатни сақлаш ва ўйинни назорат қилишда айрим муаммоларимиз бор эди.
Родрини қўлга киритиш имконияти пайдо бўлганида, бош мураббий билан унинг жамоамизга зарур мувозанатни таъминлай олиши борасида бир фикрга келдик», — дея Декунинг сўзларини келтиради Barça Universal нашри.
Қайд этиш лозим, ёзги трансферлар ойнасида Родри «Манчестер Сити»дан «Реал»га ўтишга жуда яқин бўлган. Бироқ мадридликлар сўнгги лаҳзаларда келишув шартларини ўзгартирган ва бу «Барселона»га музокараларга қўшилиш имконини берган.
Натижада 30 ёшли яримҳимоячи Каталония клуби сафига келиб қўшилган. Родри ҳозирга қадар «Барселона» таркибида барча мусобақалар доирасида 14 та учрашувда майдонга тушиб, битта гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди.
Аввалроқ Родри 1 ойга сафдан чиққани маълум қилинганди.