«Тоттенҳэм» бош мураббийи Роберто Де Зерби клуб раҳбарияти билан муҳим суҳбат ўтказишни режалаштирмоқда.
Журналист Жеймс Девиснинг хабар беришича, италиялик мутахассис 22 июн куни клуб раҳбарлари билан боғланиб, бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилади. Жумладан, мураббийнинг талаб ва истаклари ҳамда трансфер бозори билан боғлиқ режалар суҳбатнинг асосий мавзуларидан бири бўлади.
Манбага кўра, мулоқот куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Де Зерби ўтган баҳорда «Тоттенҳэм» бош мураббийи этиб тайинланганди. Унинг қўл остида лондонликлар Англия Премер-лигасида қолишни уддалади ва мавсумни 17-ўринда якунлади.
Маълумот учун, «Тоттенҳэм» ўтган мавсум якунида хавфли ҳудуддан атиги икки очко устунлик билан қутулиб қолган. Шу боис клуб ёзги трансфер ойнасида таркибни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиши кутилмоқда.