Бразилия миллий жамоаси делегацияси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун АҚШга етиб келгач, қатъий хавфсизлик текширувларидан ўтди.
Globo нашри хабарига кўра, футболчилар, мураббийлар штаби ва федерация вакиллари Ню-Жерси штатига келганидан сўнг махсус назорат жараёнида иштирок этган.
Текширув давомида делегация аъзоларининг шахсий буюмлари ва оёқ кийимлари кўздан кечирилган, шунингдек, металл детекторлардан фойдаланилган.
Қайд этилишича, ушбу жараён аэропорт ичида эмас, балки самолётлар турадиган ҳудудда ташкил этилган. Бу эса вақтни тежаш мақсадида амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон миллий жамоаси делегацияси ҳам АҚШга етиб келганида шунга ўхшаш хавфсизлик текширувларидан ўтган эди.
Маълумот учун, 2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мекcикада бўлиб ўтади. Бразилия миллий жамоаси гуруҳ босқичида Марокаш, Ҳаити ва Шотландияга қарши баҳс олиб боради.