Туриннинг «Ювентус» клуби «Реал» яримҳимоячиси Браҳим Диасни ўз сафига қўшиб олиш учун жиддий ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда журналист Фабрицио Романо ўзининг X саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, Италия клуби трансфер юзасидан музокараларни давом эттирмоқда. Бироқ марокашлик 26 ёшли футболчининг ўзи ўз позициясини аниқ билдирган.
У «Ювентус» раҳбариятига ҳам шахсий суҳбатларда, ҳам омма олдида «Реал» сафида қолиш ниятида эканини маълум қилган. Шу сабабли у ҳозирча Мадрид клубини тарк этишни режалаштирмаяпти.
Ўтган мавсумда у барча турнирлар доирасида 42 та учрашувда иштирок этиб, 2 та гол ва 9 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Унинг «Реал» билан амалдаги шартномаси 2027 йил 30 июнгача амал қилади. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 35 миллион евро деб баҳолаган.