«Бавария» Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши 2:2 ҳисобидаги учрашувда бир нечта футболчисидан жароҳатлар туфайли айрилди. Клуб спорт директори Макс Эберл уларнинг майдонга қайтиш муддатлари ҳақида маълумот берди.
Энг жиддий жароҳатлар Серж Гнабри ва Исмоил Сайбарида аниқланган. Эберлнинг айтишича, германиялик вингер йил якунига қадар майдонга қайта олмайди. Сайбари эса ўнг тўпиғидаги синдесмоз боғлами узилиши сабабли тахминан 3-4 ой давомида тикланади.
«Серж йил якунига қадар сафга қайта олмаслигини кутяпмиз. Сайбарида синдесмоз боғлами узилгани сабабли тикланиш учун 3-4 ой керак бўлади», — деди Эберл.
Шунингдек, «Бавария» раҳбари Жамол Мусиала ва Луис Диаснинг қайтиш муддатларини ҳам маълум қилди. Клуб германиялик футболчи яқинлашиб келаётган халқаро танаффус пайтида умумий гуруҳ машғулотларига қайтишидан умид қилмоқда. Диас эса эҳтимол, танаффусдан кейин жамоага қўшилади.
Айни пайтда Чемпионлар Лигасида «Атлетико»га қарши бўлиб ўтадиган учрашув олдидан Майкл Олисе ва Мануэл Нойернинг ҳолати ҳақида ижобий хабарлар пайдо бўлди. Плеттенбергнинг маълум қилишича, ҳар икки футболчи ҳам мюнхенликларнинг якуний машғулотида иштирок этган.
Олисе ўнг тиззаси боғланган ҳолда шуғулланган бўлса, Нойер оёқ пайидаги муаммодан кейин тикланган. Уларнинг мадридликларга қарши ўйинда иштирок этиши эҳтимоли бор.
Telegram’да биринчи бўлиб фикр билдиринг
Муҳокамага ўтишИзоҳлар Telegram’да очилади