«Бавария» ушбу ёзги трансферлар ойнасида янги яримҳимоячи сотиб олмасликка қарор қилди.
Журналист Стефан Кумбергернинг хабар беришича, Мюнхен клуби раҳбарияти жамоанинг марказий яримҳимоя чизиғи етарлича кучли деб ҳисобламоқда.
Манбага кўра, янги мавсумда Йозуа Киммих ва Александр Павлович асосий яримҳимоячилар жуфтлиги сифатида майдонга тушади. Том Бишоф эса асосан захирадан ўйинга қўшилади.
Шунингдек, клуб ёш футболчи Ноэл Асеко хизматларига ҳам катта умид боғламоқда. У мунтазам равишда асосий жамоа машғулотлари ва ўйинларига жалб этилиши кутилмоқда.
«Бавария» ихчам таркиб сиёсатини давом эттирмоқчи. Клуб бу орқали ёш футболчиларга кўпроқ имконият яратишни режалаштирган.
Шу билан бирга, Дортмунднинг «Боруссия» клуби яримҳимоячиси Феликс Нмеча бўйича тарқалган миш-мишлар ҳам шубҳа остида қолмоқда. Дортмундликлар футболчини фақат 100 миллион евродан юқори таклиф эвазига қўйиб юборишга тайёр ва уни Германиядаги рақибига сотишни истамаяпти.
Маълумот учун, «Бавария» ёзги трансферлар ойнасида таркибни ҳаддан ташқари кенгайтирмаслик стратегиясини танлаган. Клуб раҳбарияти ёш футболчиларнинг ривожланишига устувор аҳамият қаратмоқда.