«Барселона» Нидерландиянинг «Твенте» клуби ҳимоячиси Руд Нейстадни ўз сафига қўшиб олиш учун музокараларни қайта бошлади. Бу ҳақда Diario Sport нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, каталонияликлар 18 ёшли футболчини қишки трансфер ойнасида харид қилишни режалаштирмоқда.
Бунгача «Твенте»да қолишни афзал кўрган Нейстад «Барселона» лойиҳаси билан танишганидан кейин трансферга нисбатан фикрини ўзгартирган. Энди у Каталония клубига ўтиш имкониятини жиддий кўриб чиқмоқда.
Бироқ музокараларда молиявий келишмовчиликлар мавжуд. «Твенте» ёш ҳимоячисини 20 миллион евродан юқори баҳоламоқда.
«Барселона» раҳбарияти эса футболчининг ёши ва юқори даражадаги тажрибаси камлигини ҳисобга олиб, бундай маблағ сарфлашни таваккалчилик деб ҳисобламоқда.
Бундан ташқари, Нидерландия клуби Нейстадни қишда сотишга фақат мавсум охиригача ижара асосида жамоада қолиш шарти билан рози бўлиши мумкин. «Барселона» эса ҳимоячини январ ойидаёқ ўз сафига қўшиб олишни истамоқда.
Шунингдек, Нейстадга Англиянинг «Челси», «Манчестер Сити» ва «Манчестер Юнайтед» клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Шунга қарамай, футболчининг ўзи «Барселона» вариантини устун қўймоқда. Уни каталонияликларнинг ўйин фалсафаси ҳамда ёш футболчиларга асосий жамоада имконият бериши ўзига жалб қилмоқда.