Лондоннинг «Арсенал» клуби ёзги трансфер ойнасида ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида Мадриднинг «Атлетико» жамоаси ҳужумчиси Хулиан Алваресни ўз сафига қўшиб олиш устида ишламоқда.
ТEАМtalk хабарига кўра, «тўпчилар» испанияликлар томонига дастлабки трансфер таклифини юборган ва музокаралар давом этмоқда.
Манбага кўра, «Атлетико» трансфер нархини камайтириш мақсадида футболчилар алмашувини ҳам кўриб чиқмоқда. Томонлар Габриел Мартинелли, Габриел Жезус ва Леандро Троссар номзодларини муҳокама қилган.
Шунингдек, Мадрид клуби Виктор Гокереш ва Итан Нванери бўйича ҳам маълумот сўраган.
Қайд этилишича, «Арсенал» спорт директори Андреа Берта учун Хулиан Алварес ёзги трансфер ойнасидаги асосий мақсадлардан бири ҳисобланади.
Агар «Атлетико» аргентиналик ҳужумчини сотишга қарор қилса, клуб футболчининг айнан «Арсенал» ёки «ПСЖ»га ўтишини маъқул кўрмоқда.