«Арсенал» қишки трансферлар ойнасида Макс Доуманни ижарага бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Агар бу вариант 16 ёшли яримҳимоячининг ривожланишига ёрдам берса, Лондон клуби уни ижарага қўйиб юборишга тайёр.
«Арсенал» бош мураббийи Микел Артета клуб Доуманнинг вазиятини ҳар олти ойда бир марта баҳолаб боришини таъкидлади. Бунда футболчининг ўйин амалиёти, жамоа эҳтиёжлари ва бошқа омиллар ҳисобга олинади.
«Биз турли вариантларга очиқ бўлишимиз керак. Лекин ҳозир энг муҳими — у шу ерда қолиши ва жамоага фойда келтириши», — деди Артета.
Доуманни ижарага олишга «Арсенал» собиқ яримҳимоячиси Жек Уилшир бошқараётган «Лутон» қизиқиш билдирмоқда. Макс эса 31 декабрдан кейин, яъни 17 ёшга тўлгандан сўнг ижарага кетиши мумкин.
Маълумот ўрнида, Доуман ўтган мавсум АПЛ тарихида гол урган энг ёш футболчига айланганди. Бу мавсумда эса у Англия лига кубоги доирасидаги «Ипсвич»га қарши ўйинда (4:2) дубл қайд этди.