«Ливерпул» клуби раҳбарияти яримҳимоячи Ватару Эндони қишки трансфер вақтида сотиб юбориш ҳақида ўйламоқда. Бу ҳақда GiveMeSport нашри хабар берди.
Манбага кўра, клуб япониялик 33 ёшли футболчи борасида бўладиган таклифларни кўриб чиқади.
Эндонинг мерсисайдликлар билан амалдаги шартномаси мавсум якунида тугайди. Шу сабаб клуб футболчини ёзда текинга қўйиб юбориш ўрнига, январ ойида унинг трансферидан маълум миқдорда маблағ ишлаб олишни мақсад қилмоқда. Ҳозирча музокаралар бошлангани ёки аниқ таклиф келиб тушгани ҳақида маълумот йўқ.
Бу мавсумда у Англия Премер-лигасида ҳали бир дақиқа ҳам майдонга тушмаган. Шунингдек, клуб футболчини Чемпионлар лигаси учун қайдномасига ҳам киритгани йўқ.
Маълумот учун, Ватару «Ливерпул»га 2023 йилда «Штутгарт»дан 16 миллион фунт эвазига қўшилган. Бу вақт давомида барча турнирлар доирасида 43 та учрашувда майдонга тушган.