Мюнхеннинг «Бавария» клуби ҳужумчиси Ҳарри Кейн фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда журналист Саша Таволери хабар берди.
Манбага кўра, «Ал Ҳилол» 31 ёшли ҳужумчининг вакиллари билан музокараларни бошлаб юборган. Англиялик футболчи ҳозирча якуний қарор қабул қилмаган ва аввало саудияликлар таклифининг спорт ҳамда молиявий шартлари билан танишмоқчи.
Қайд этилишича, Кейннинг «Бавария» билан тузган шартномасида учинчи мавсумдан бошлаб 65 миллион евролик товон пули банди мавжуд. «Ал Ҳилол» айнан шу бандни фаоллаштиришга жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Ҳозирча Саудия клуби «Бавария» билан расмий алоқага чиқмаган. Музокаралар фақат футболчи томони билан олиб борилмоқда.