«Ан Наср» ҳужумчиси Жоау Феликс «Барселона»га қайтиш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Sport.es хабар берди.
26 ёшли португалиялик футболчи Европа футболига қайтишни истамоқда. Унинг асосий мақсади Чемпионлар лигасида иштирок этадиган жамоада тўп тепиш бўлиб, Феликс «Барселона»га эркин агент сифатида қайтишни орзу қилмоқда.
Манбага кўра, футболчининг манфаатларини ҳимоя қилувчи агент Жорже Мендеш эҳтимолий трансфер масаласида аллақачон «Барселона» вакиллари билан боғланган. Феликснинг «Ан Наср» билан шартномаси 2027 йил 30 июнгача амал қилади.
Мендешнинг каталонияликлар билан ишлаш тажрибаси ҳам трансфер амалга ошишида муҳим омил бўлиши мумкин. Агент аввалроқ Жоау Канцелунинг «Ал Ҳилол»дан «Барселона»га ўтишида иштирок этганди. Феликс ҳам Европага қайтиш учун маошини сезиларли даражада камайтиришга тайёр экани айтилмоқда.
Жоау Феликс 2023/24 йилги мавсумда «Атлетико»дан ижара асосида «Барселона» сафида тўп тепган. У каталонияликлар таркибида барча турнирларда 44 та баҳсда майдонга тушиб, 10 та гол ва 6 та голли узатмага муаллифлик қилган.
Маълумот учун, ушбу мавсумда эса португалиялик ҳужумчи Саудия Арабистони чемпионатида 6 та баҳсда 2 та гол ва 2 та голли узатмани қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Феликс 2019 йилдан 2024 йилгача «Атлетико Мадрид» футболчиси бўлган. У шунингдек «Челси» ва «Барселона»да ижара асосида ўйнаган.