«Ливерпул»нинг собиқ яримҳимоячиси ва сардори Стивен Жеррард «Челси»нинг ҳимоя чизиғини кучайтириши кераклиги ҳақида фикр билдирди. Унинг ҳисоблашича, лондонликларга иккита марказий ҳимоячи ва чап қанот ҳимоячиси керак.
«Челси» трансфер сиёсатидаги янги босқични ҳимояни кучайтиришдан бошлаши керакми? Албатта, 100 фоиз. Жамоада яхши ҳимоячилар бор. Рис Жеймс менга жуда ёқади. У соғлом ва ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўйнашга тайёр бўлса, мамлакатдаги энг яхшиси ҳисобланади.
Коулвилл ҳам менга ёқади. У жамоага керакли мувозанатни беради, қолаверса, чап оёқда ўйнайди. Энди уларда мен «Астон Вилла»да бирга ишлаган ажойиб дарвозабон Эмилиано Мартинес ҳам бор. Яримҳимоя ва ҳужум чизиғига қарасангиз, бу жамоа юқори савияда рақобатлашишга қодир эканини кўрасиз.
Аммо «Челси» «Арсенал», «Манчестер Сити» ва «Ливерпул» билан рақобатлашиши, шунингдек, Чемпионлар лигасида катта мақсадларни кўзлаши учун жаҳон даражасидаги марказий ҳимоячилар ва чап қанот ҳимоячисига муҳтож. Бу менинг фикрим.
Мен ўйнаган даврдаги «Челси» ҳимоясини эсланг: Эшли Коул, Жон Терри, Рикарду Карвалю ва Бранислав Иванович. Бу Англия Премер-лигаси ва Чемпионлар лигасида энг юқори савияда рақобатлаша оладиган ҳимоячилар тўртлиги эди.
Ҳозирги «Челси» ҳимоясини, жумладан, дарвозабонини ҳам ўша таркиб билан солиштирсак, Петр Чех ва Эмилиано Мартинес ўртасидаги фарқ катта эмас. Эми жаҳон чемпиони бўлиш ва энг юқори савияда ўйнашга қодир эканини исботлаган.
Аммо ҳозирги ҳимоячилар ҳали шундай даражада ўзларини кўрсатишлари керак. Мен санаб ўтган тўртлик Клод Макелеле ёки Майкл Эссен каби футболчилар билан биргаликда жамоанинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этган. Уларнинг барчаси жаҳон даражасидаги футболчилар эди. «Челси» янги босқичга кўтарилиши учун таркибни шундай савиядаги ўйинчилар билан кучайтириши керак», — дея Жеррарднинг сўзларини келтиради Меtrо.
Маълумот учун, Жеррард «Ливерпул» сафида узоқ йиллар тўп тепган ва жамоа сардори бўлган.
Эслатиб ўтамиз, «Челси» ҳозирда Англия Премер-лигасида юқори ўринлар учун кураш олиб бормоқда.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади