Бугун Суперлиганинг 22-тури бошланди. Наманганда «Навбаҳор» ҳамда «Динамо» ўртасидаги учрашув қизиқарли ўтди ва унда мезбонлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Самарқандликлар бош мураббийи Вадим Абрамов эса ўйиндан кейинги матбуот анжуманида қатнашди.
- Ўйнадик, ҳаракат қилдик. Қандай чиқди? Қандай чиққан бўлса, шундай — биринчи бўлим қизиқарли ўтди, иккита гол урдик. Афсуски, учта гол ўтказиб юбордик. Билмадим…
- Вадим Карленович, жамоа қайси вазиятдан кейин пасайиб кетди? Гўё ўйин тугагандек бўлди, лекин ҳали вақт бор эди. Жуда кўп имкониятлар яратдингиз. Балки бу психологик жиҳатдан боғлиқдир?
- Иккита гол урганингда, айниқса меҳмонда, кейин учта гол ўтказиб юборсанг, албатта, буни тушунтириш қийин. Ҳозир айтиш осон эмас. Майдонда барибир футболчилар ўйнайди. Муаммо нимада эканини улардан сўраш керак бўлади.
- Бугунги ҳакамлик ҳақида нима дея оласиз? Масалан, бир футболчи майдонда уч дақиқа ётиб қолди, аммо ҳакам барибир беш дақиқа қўшиб берди.
- Меҳмонда ўйнадик. Наманганда ҳар доим шундай бўлади. Ҳозир яна нима дейиш мумкин? Умид қиламизки, бир куни Самарқандда ҳам шундай бўлар. Кўрамиз. Гол урдик, кейин эса ўтказиб юбордик. Албатта, ўзимизнинг жуда аҳмоқона хатоларимиз туфайли голлар ўтказиб юбордик. Қандай қилиб бундай ҳимояланиш мумкин?
«Навбаҳор»да битта ҳужумчи бор эди, лекин жарима майдонида тўрт нафар футболчи турибди. Бурчак зарбасини ўтказиб юбордик, кейин яна дарвозадан тепилган тўпда дарвозабон чиқиб кетди, бир футболчи яккама-якка вазиятга чиқди... Қандай қилиб бундай ҳимояланиш мумкин? Кулгили ҳолат.
- Бугунги учрашувда футболчиларингиз кўрсатмаларингизга тўлиқ амал қилишдими? Топшириқлар бажарилдими?- Эҳтимол, 3:2 ҳисобида ютқазганимиздан кейин «кўрсатмаларим тўлиқ бажарилди», десам керак-а? Бу ерда нима дейиш мумкин? Афсуски, жуда кўп хатоларга йўл қўйдик. Мен кутмаган хатолар бўлди. Ҳозир жуда кўп саволлар бор, лекин ўйиндан кейинги қизишган пайтда бу ҳақда гапириш қийин.
Меҳмонда ўйнаб, иккита гол уриб, кейин учта гол ўтказиб юбориш — бундай ўйнашни билиш керак. Албатта, «Навбаҳор» ҳам кучли жамоа. Эҳтимол, бугун улар шунчаки кучлироқ бўлиб чиқишди.
- Вадим Карленович, жамоанинг муаммоларидан бири — меҳмонда ўйнаганда футболчиларга босим бўлган вазиятларда жамоада бу босимга қарши иммунитет йўқдек таассурот уйғотмоқда. Жумабоев билан боғлиқ вазиятдан кейин стадион бирдан жўшиб кетди ва бу футболчиларга босим қилди. Бундай ҳолатларда футболчилар босим остида ҳам ўз ўйинини кўрсата олиши учун нима қилиш керак? Шунингдек, Жумабоевнинг ўша вазиятдаги ҳаракатини оқлайсизми? Ахир у стадиондаги мухлисларни қасддан жаҳллантиргандек бўлди.
- Бу унинг йўл қўяётган аҳмоқона хатоларидан бири. Мен ўша заҳотиёқ унга бақира бошладим. Афсуски, бу ақлдан эмас, тушуняпсизми? Шунинг учун бу — аҳмоқона хато. Бунинг учун сариқ карточка ҳам олди, стадионни ҳам қўзғатиб юборди. Бунинг нима кераги бор эди? Маъноси нима? Гол урдинг — баракалла, шу билан тамом. Лекин шу ҳаракати билан ҳаммасини бузиб қўйди.
Менимча, футболчилар мухлисларнинг босимидан қўрқиб қолишмади. Мухлислар босимидан ташқари, голларга таъсир қилган яна бошқа бир босим ҳам бўлди, тушунаяпсизми? Шу боис ҳозир бу ҳақда гапиргим келмаяпти. Вазиятни хотиржамлик билан кўриб чиқаман, ҳаммасини таҳлил қиламан. Кейин кўрамиз.
Бугун шундай қарорлар қабул қилиндики, уларни мен учун изоҳлаш жуда қийин. Бизнинг футболчиларимиз сариқ карточка оляпти, «Навбаҳор» футболчиси эса умуман ҳеч нарса олмаяпти. Бу жуда ғалати.
Агар эътибор берсангиз, Азизовни бўйнидан ушлаб ерга йиқитишган вазият бўлди. Кейин «Навбаҳор»нинг яна бир футболчиси атайлаб унинг оёғини босди. Билмадим... Бу хулиганликка хос ҳаракат эди. Аммо, афсуски, ҳеч ким унга муносабат билдирмади.
Сиз айтганингиздек, аввал биз ғалаба қозонар эдикми? Сизга ваъда бераман: кейинги ўйинда қаерда бўлишидан қатъи назар, ғалаба қозонамиз. Агар адашмасам, ўтган йили ҳам шу ерда пенальтини уролмаган эдик, тўғрими?
- ФИФА кунларида жароҳат олган футболчиларнинг қайтиши кутиладими?
- Кутиш мумкин, кўрамиз. Афсуски, ҳозирча улардан ҳеч бири жамоага қўшилиб, тўлиқ тайёр ҳолатда ўйнай олмайди. Лекин умид қиламизки, шифокоримиз қандайдир чораларни кўради ва шу вақт ичида кимнидир тайёр ҳолатга келтира оламиз.
Умид қиламанки, Анвар жамоага қўшилади. Эҳтимол, Қодирқилов ҳам сафга қайтар. Кўрамиз. Ҳозирча аниқ айтиш қийин», - дея Вадим Карленовичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.