Бугун Суперлигада 22-тур бошланади. Наманганда «Навбаҳор» ва «Динамо» ўртасидаги ўйин билан турга старт берилади. Ушбу турда ҳам қизиқарли ва муҳим учрашувлар кутмоқда. Таниқли мутахассислардан бири Жаъфар Ирисметов тур олдидан жамоаларнинг имкониятларини баҳолади.
17 сентябр
18:00. Навбаҳор-Динамо
- Иккаласи ҳам футбол ўйнайдиган жамоа. Яхши футбол кўрамиз. «Навбаҳор» ўз уйида ўйнаётгани ҳисобига минимал ғалаба қозонса керак, деб ўйлайман. Ҳозир наманганликларда мотивация кучли, учинчи ўринга ҳаракат қилишяпти.
19 сентябр
18:00. Машъал-Пахтакор
- «Машъал» аутсайдер, албатта, «Пахтакор» ғалаба қозонади. Иккита тўп фарқи билан «Пахтакор» ютади, деб ўйлайман. Менимча, «Машъал»да ҳозир мотивация ҳам йўқ.
20:15. Бунёдкор-Бухоро
- Менимча, «Бунёдкор» оғир аҳволдалигига қарамасдан кураш олиб борса керак. Назаримда, бу ўйинда дуранг қайд этилиш эҳтимоли бор.
20 сентябр
17:15. Андижон-Насаф
- «Андижон» уйида мухлислари ҳисобига яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиляптию, аммо доим ҳам ўхшамаяпти. «Олимпик Мобиуз» билан ўйинда ҳам кўрдик, ўйин услубида муаммолар бор. Қандайдир индивидуал маҳорат ҳисобига йигитлар курашишяпти. Менимча, «Насаф» минимал ҳисобда ғалаба қозонса керак. «Андижон»ни охирги ўйинини кўрдим, ўйин қовушмаяпти. «Насаф» эса кўтарилишда. «Нефтчи»ни йирик ҳисобда ютди.
18:00. Сурхон-Қўқон-1912
- Иккаласи ҳам бир хил даражадаги жамоалар. «Сурхон» номинал мезбон сифатида менимча ютса керак. Лекин тўп фарқи катта бўлмаса керак. Кичик ҳисоб бўлиши мумкин. Боз устига қўқонликларни Кубокдаги ўйинини кўрдик. Назаримда, «Қўқон-1912»даги ҳолати «Андижон»дагига ўхшаш бўлса керак. Ўйин бобида анча муаммолар кўриняпти. Шу сабабли «Сурхон»ни қўли баланд келса керак.
19:00. Сўғдиёна-ОКМК
- Турнинг марказий ўйин бўлади. Иккала жамоа охирги пайтларда яхши ўйин кўрсатишяпти. Фикримча, «Сўғдиёна» минимал ҳисобда ғалаба қозониши мумкин. Лекин ОКМКни ҳам ҳисобдан чиқармаслигимиз керак. Охирги пайтларда яхши ўйнаб ютқазиб қўйишяпти. Олмалиқликлар очко ололмаса керак.
19:30. Локомотив-Нефтчи
- «Нефтчи»ни футболчилари кучлироқ, улар сараланган. Аммо биринчи даврани ҳисобга олсак, «Локомотив» Фарғонада яхши ўйин кўрсатиб ютқазиб қўйган. Бу ҳам жуда қизиқарли ўйин бўлади. «Нефтчи»га жуда қийин бўлади. Ислом Исмоилов қандай ротация қилишига ҳам боғлиқ. Ушбу тўқнашувда дурангни тахмин қиляпман.
21 сентябр
20:15. Хоразм-Қизилқум
- «Хоразм»да ўз уйида ўйнаши эвазига бироз ташаббусга эга бўлади, деб ўйлайман. Чунки янги мураббий келди, футболчиларида мотивация бор. Шунинг учун майдон эгалари ютади.