Америкалик бизнесмен Тодд Боули «Челси» директорлар кенгаши раиси лавозимини тарк этди. Бу ҳақда Лондон клуби расмий сайти хабар берди.
«Челси» футбол клуби директорлар кенгаши раиси бўлиш мен учун шараф эди. Клубнинг ёрқин келажагини таъминлашга ёрдам берган барчага, жумладан, АПЛ, мураббийлар штаби ва футболчилар, «Челси» раҳбарияти ва ходимлари, шунингдек, кўп сонли содиқ мухлисларга миннатдорлик билдираман.
Clearlake ва бошқа мулкдорлар билан ҳамкорлигимни, шунингдек, клубнинг ҳозирги ва узоқ муддатли муваффақиятларини таъминлаш учун биргаликда қабул қилган қарорларимиз ва киритган сармояларимизни қадрлайман.
Clearlake бошқаруви остида «Челси» келгусидаги муваффақиятларга яхши тайёрланганига ишонаман», — деди Боули.
Маълум қилинишича, Clearlake Capital Group’га алоқадор тузилмалар Боулининг «Челси»даги улушини сотиб олади. Хансйорг Висс клубнинг муҳим акциядори ва ҳамкорларидан бири бўлиб қолади.
Шунингдек, Clearlake Марк Уолтерга тегишли улушни ҳам харид қилиб, «Челси» устидан тўлиқ назоратни қўлга киритади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Роман Абрамович «Челси»ни Тодд Боули бошчилигидаги консорциумга сотганди. Аввалроқ Йоррел Ҳато Боули давридаги 50-трансферга айлангани маълум қилинганди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади