Бугун
107
Ўзбек

Жаҳонгирбек Абдусаломов: «Иккинчи даврага келиб «Динамо»да вазият ижобий томонга ўзгарди»

Эксклюзив
12 сентябр, 01:03
Абдусаломов Tribuna.uz нашри учун эксклюзив интервю берди.
Жаҳонгирбек Абдусаломов: «Иккинчи даврага келиб «Динамо»да вазият ижобий томонга ўзгарди»
Фото: Динамо ПФК

Самарқанднинг «Динамо» клуби Суперлига 21-турида ўз майдонида «Қизилқум»ни қабул қилди. Беллашув 1:0 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунига етди. Натижада жамоа турнир жадвалида 30 очко билан 9-поғонада бормоқда. «Олтин изловчилар»га қарши баҳсдан сўнг жамоа етакчи ўйинчиларидан бири Жаҳонгирбек Абдусаломов Tribuna.uz нашри учун эксклюзив интервю берди.

- Жаҳонгирбек, аввало «Динамо»нинг муҳим ғалабаси билан табриклаймиз. «Қизилқум»га қарши баҳсдан сўнг қандай таассуротларга эга бўлдингиз?

- Ўйин жуда қийин бўлишини олдиндан билардик. Шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Кутилганидек, рақиб яхши қаршилик кўрсатди. Биз ҳам ўз имкониятларимизни кутдик. Гол уриш қулай имкониятимиз бўлишини билардик. Бундан фойдалансак, албатта, рақиб дарвозасини ишғол қилишимиз мумкин эди. Айнан шундан вазиятларнинг бирида гол урдик ва якунда ғалабани илиб кетдик.

- «Динамо»нинг бу мавсумда Суперлигадаги иширокини қандай баҳолайсиз?

- Тўғриси, мавсумнинг биринчи даврасида анча қийин бўлди. Кўп ўйинларни бой бердик. Қолаверса, молиявий томонлама ҳам муаммолар бўлди. Иккинчи даврага келиб, ҳаммаси жойига тушмоқда. Вазиятни ижобий томонга ўзгартира олдик. Ўйлайманки, ҳаммаси янада яхши бўлади.

- Ўзингизнинг иштирокингизни қандай баҳолайсиз? Кўнглингиз тўляптими?

- Ўйлашимча, ҳар бир профессионал футболчи ҳеч қачон ўйинидан қониқиш ҳосил қилмаса керак. Ҳар доим хато ва камчиликлар кузатилади. Пайсайиш бўлади. Футболчи эса ўша хатоларидан хулоса чиқариб, янада ўсишга интилади. Ҳар қандай вазиятда ҳам жамоага кўпроқ ёрдамим тегиши учун ҳаракат қиламан. Бу йўлда машғулотларда янада кўпроқ тер тўкаман.

- «Динамо» қандай мақсад ва вазифалар учун курашмоқда?

- Фақат юқори ўринлар учун курашади. Ўйлайманки, ҳали олдинда турган беллашувларда янада яхши натижаларни қайд этамиз. Ҳозирги ўринлардан юқорида бўлишга ҳаракат қиламиз. Бунга жамоанинг имкониятлари етарли деб ҳисоблайман. Йўқотилган очколарни тўлдириб боришимиз керак.

- Ортда қолган ўйинларга назар солсак. Қайси ўйинлар жамоангиз учун қийин кечди?

- Тўғриси, осон ўйиннинг ўзи бўлмаяпти. Ҳар бир жамоага қарши баҳс жуда қийин кечмоқда. Шу сабаб ортда қолган баҳслар давомида осон қарама-қаршиликга дуч келганимиз йўқ. Ҳаммасида ўзига яраша қийинчиликлар бўлмоқда.

- Cизнингча, қайси жамоа Суперлигада чемпион бўлади?

- Ҳозир тахмин қилиш қийин. Чемпионлик масаласи мавсум якунига қадар сақланиб қолса керак.

- Кейинги режаларингиз қандай?

- Бу ҳақда мавсум якунида аниқ жавоб бера оламан. Эҳтимол «Динамо»да қолишим мумкин. Ҳаммасига чемпионат якунига етганидан сўнг бир қарорга келаман.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Динамо Динамо
Бугунги янгиликлар