«Манчестер Сити» ишини тергов қилган мустақил комиссия клуб ҳомийлик келишувларидан олинадиган даромад миқдорини ошириб кўрсатган, деган хулосага келди.
Ўтган ҳафта «шаҳарликлар» АПЛнинг молиявий қоидаларини бузиш билан боғлиқ деярли барча айбловлар бўйича (фақат биттасидан ташқари) айбдор деб топилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. 2023 йил феврал ойида АПЛ «Сити»ни 2009 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда молиявий қоидаларни 115 марта бузганликда айблаган. Кейинчалик The Times нашри гап 115 та эмас, балки 130 та қоидабузарлик ҳақида кетаётганини хабар қилди.
Кеча, 29 сентябр куни АПЛ клуб айбловларнинг барча бандлари бўйича айбдор деб топилганини маълум қилди.
Комиссия хулосасига кўра, «шаҳарликлар» Абу-Дабидаги ҳамкор компаниялар билан шартномалар тузган. Ушбу келишувларда бозор қийматидан анча юқори бўлган миқдорда ҳомийлик тўловларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Бироқ ҳомийлар шартномада кўрсатилган тўлиқ маблағни тўлашга мажбур бўлмаган ва амалда ҳам бундай қилмаган — улар «Сити» ҳисоб рақамларига фақат «асосий қиймат»ни ўтказган.
Ҳақиқий тўловлар билан шартномаларда кўрсатилган қийматлар ўртасидаги фарқни клуб эгаси бўлган Abu Dhabi United Group (ADUG) ўз маблағлари ҳисобидан қоплаган.
Клубнинг молиявий ҳисоботида даромад сифатида фақат «асосий қиймат» акс эттирилиши керак эди. Бироқ «Ман Сити» ушбу бандга келиб тушган барча маблағларни киритган ва бу маблағларнинг катта қисмини ADUG қоплаганини яширган.
Комиссия хулосасида шундай дейилади:
«Шундай қилиб, яширин молиялаштириш схемасини қўллаган ҳолда, клуб:
– учинчи томонда (жумладан, назорат органлари ва аудиторларда) унинг ҳомийлик келишувларидан оладиган тижорат даромадлари амалдаги кўрсаткичдан анча юқори экани ҳақида нотўғри тасаввур уйғотиши;
– ADUG томонидан амалда киритилган акциядорлик капитали маблағларининг ҳақиқий миқдорини учинчи томонлардан яшириши мумкин эди».
Клуб ушбу схемани 2009/10 йилги мавсумдан 2017/18 йилги мавсумгача қўллаган. Ушбу давр мобайнида «Сити» Абу-Дабидаги ҳомийлардан 949,94 миллион фунт стерлинг олгани ҳақида ҳисобот берган.
Бироқ амалда клуб ҳамкорлари атиги 119,25 миллион фунт стерлинг тўлаган. Қолган 830,69 миллион фунт стерлингни эса ADUG тузилмаси қоплаган.
«Сити» ҳомийлардан олинадиган даромад миқдорини ошириб кўрсатгани тасдиқланди
Футбол
30 сентябр, 13:35
20
Қоғозда ёзилган қиймат амалда тўланганидан деярли 8 бараварга кўп.
Foto: Getty Images
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади