«Манчестер Юнайтед» ҳимоячиси Люк Шоу фаолияти давомида унга энг катта таассурот қолдирган футболчилар ҳақида фикр билдирди.
Шоу айниқса Криштиану Роналдунинг профессионаллиги ва Златан Ибраҳимовичнинг ғалабага чанқоқлигини алоҳида таъкидлади.
«Мен фаолиятим давомида жуда кўп буюк футболчилар билан ўйнадим. Аммо энг юқорида, албатта, Криштиану туради. Унинг нега шунча йил энг юқори даражада қолганини жуда осон тушуниш мумкин. Унинг профессионаллиги, машғулотгача ва ундан кейинги тайёргарлиги, ҳаёт тарзи — буларнинг барчасини яқиндан кўриш ҳақиқий завқ эди», — деди Шоу клуб расмий сайтига.
Шунингдек, ҳимоячи Златан Ибраҳимовичнинг характери ҳақида ҳам гапирди.
«Мен ҳали бунақа менталитетли футболчини учратмаганман. Кўп топ футболчиларда ғолиблик руҳи бўлади, аммо Златанда бу жуда юқори эди. Ҳатто оддий машғулот ўйинларида ҳам ютишни хоҳларди. Агар унинг жамоасида бўлиб ютқазсангиз, буни дарҳол ҳис қилардингиз.
У жуда агрессив эди, лекин жамоага айнан шундай одамлар керак бўлади. Шу билан бирга, у ажойиб инсон эди ва ҳамма уни яхши кўрарди», — дея қўшимча қилди футболчи.