Бразилия футболи афсонаси Роналдинио Италиянинг «Равенна» клуби билан шартнома имзолаганидан сўнг яна майдонга тушиш нияти борлигини тасдиқлади.
«Ҳа, бу рост. Мен учун бу ҳам ўзига хос чақириқ. Албатта, «Равенна» сафида расмий ўйинда бир неча дақиқа ҳаракат қиламан. Кейин эса ўзимни қандай ҳис қилишимни кўрамиз», — деди Роналдинио.
Шунингдек, у клуб билан ҳамкорлик қандай бошланганига ҳам тўхталди.
«Биз ва Cipria гуруҳи ўртасида жуда яхши муносабатлар шаклланди. Ҳаммаси деярли ҳазил тариқасида бошланган эди, аммо кейинчалик бундан ҳам жиддийроқ лойиҳага айланди», — дея таъкидлади бразилиялик.
Жисмоний ҳолати ҳақидаги саволга эса Роналдинио кулиб жавоб берди.
«Жисмоний ҳолатимми? (кулади) Мен қўлимдан келган барча ишни қиламан. Ҳар қандай ҳолатда ҳам «Равенна» лойиҳасининг бир қисми бўламан. Олдинда ҳали кўплаб қизиқарли воқеалар бор», — деди афсонавий футболчи.