«ПСЖ» бош мураббийи Луис Энрике «Барселона»нинг ҳужумкор яримҳимоячиси Фермин Лопесни жамоасига олиб келишни истамоқда. Бу ҳақда El Nacional хабар берди.
Манбага кўра, испаниялик мутахассис Лопесни ўз тактикасига жуда мос футболчи деб ҳисоблайди. Энрике юқори интенсивликда ўйнай оладиган, ҳужумдаги хавфли зоналарга мунтазам кириб борадиган яримҳимоячиларни қадрлайди.
Фермин Лопес бўш ҳудудлардан самарали фойдаланиши, рақибга прессинг қўллаши, ҳужумларга чуқурдан қўшилиши ва голлар ҳамда голли узатмалар бўйича юқори кўрсаткич қайд этиши билан «ПСЖ» мураббийининг талабларига жавоб беради.
Париж клуби футболчи учун жиддий таклиф бериш имкониятига эга. Бироқ «Барселона» ҳозирча Лопес бўйича музокара олиб боришни ҳам истамаяпти. Каталонияликларнинг позицияси қатъий: Фермин сотувга қўйилмайди.
El Nacional маълумотига кўра, ҳатто «ПСЖ» томонидан 100 миллион евролик таклиф берилган тақдирда ҳам «Барселона» футболчини сотиш масаласини муҳокама қилишни режалаштирмаяпти. Шу сабабли Лопеснинг Париж клубига ўтиши ҳозирча мураккаб кўринмоқда.