«Арсенал», «Ювентус» ва «Барселона»нинг собиқ ҳужумчиси Терри Анри ушбу мавсум бошида дунёнинг энг яхши жамоаси қайси экани ҳақидаги саволга жавоб берди. Франциялик мутахассис ҳозирги ҳолат тез ўзгариши мумкинлигини таъкидлаб, аниқ бир жамоани энг кучлиси сифатида кўрсатишни истамади.
«Ҳозир энг яхши жамоа исталган жамоа бўлиши мумкин ва бу узоқ давом этмаслиги ҳам мумкин. Шу сабабли бу саволга жавоб беришни истамайман. Биз фақат айни пайтдаги ҳолат ҳақида гапиряпмиз. Ўтган мавсумдаги «ПСЖ»ни эсланг. Аввалига ҳеч ким у Чемпионлар лигасида ғолиб чиқади, деб айтмаган эди, кейин эса улар турнирда зафар қучди», — деди Анри АS нашрига.
Шу билан бирга, собиқ ҳужумчи «Барселона»нинг мавсумни жуда кучли бошлаганини алоҳида қайд этди.
«Аммо тан олиш керак, ҳозир «Барселона» барчани қўрқитмоқда. Улар шунчаки қўрқинчли», — дея қўшимча қилди Анри.
Маълумот учун, «Барселона» ушбу мавсум Испания чемпионатида дастлабки етти турдан сўнг 21 очко жамғариб, турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.