Live
7
Ўзбек

Отабек Жўрақўзиев: «Голларим сонини 10 тадан оширмоқчиман»

Эксклюзив
28 октябр, 12:27
Tribuna.uz журналисти эса Отабекдан интервю олди.
Отабек Жўрақўзиев: «Голларим сонини 10 тадан оширмоқчиман»
Фото: Қизилқум ПФК

Навоийнинг «Қизилқум» жамоаси охирги пайтларда ўз мухлисларини хурсанд қилмоқда.

Қолаверса, иккинчи даврада ушуб клуб сафига қўшилган ҳужумчи Отабек Жўрақўзиев гол уриш борасидаги сермаҳсуллигини ҳам кўрсатмоқда ва «Қизилқум»га фойда келтиряпти.

Tribuna.uz журналисти эса Отабекдан интервю олди.

- Отабек, «Қизилқум» «Локомотив» билан баҳсда 1:1 ҳисобида дуранг натижани қайд этди. Аввало, шу хусусида тўхталиб ўтсангиз!

- Ҳа, «Локо» билан ўйинда дуранг қайд этдик. Ўйин қизиқарли кечди. Менимча, иккала жамоа ҳам дурангдан қониқди.

- Нима деб ўйлайсиз, ушбу клубга қарши бир очко ишлаш «Қизилқум» учун ижобийми ёки...

- Жадвалдан келиб чиқсак, ҳозирда ҳар бир очко сув ва ҳаводек зарур. Турнир жадвалидаги ўрнимизни янада яхшилашимиз керак. Жамоа кучли бешталикка ҳаракат қиляпти. Юқоридаги клублар билан очколар ўртасидаги фарқ у қадар катта эмас. Шу боис ҳар бир учрашувда қўлга киритилаётган очколар ижобий.

- Эътиборли жиҳати шундаки, «Қизилқум» клубига ўтганингиздан кейин сизда сермаҳсуллик кузатилмоқда ва иккинчи даврада қўшилган футболчи учун ҳозиргача 5 та гол муаллифига айланиш албатта яхши кўрсаткич. Бунинг сабаби нимада?

- Ҳа, иккинчи даврада «Қизилқум»га қўшилдим ва ҳозиргача 5 та гол урдим. Албатта, голлар ҳар бир футболчини хурсанд қилади. Голлар уриб жамоамга ёрдам бераётганимдан, фойдам тегаётганидан хурсандман. Бунинг сабаби, балки тўғри жамоа танлаганимдадир. Балки мураббий томонидан менга билдирилаётган ишончдир.

- Сўнгги пайтларда тез-тез клубингизни ўзгартирдингиз. Нима деб ўйлайсиз, «Қизилқум»даги натижаларингиз мисолида энди ўз жамоамни топдим, дея оласизми?

- Боя айтиб ўтганимдек, балки тўғри жамоа танлагандирман.

- Сўнгги пайтларда жамоани ҳам натижалари яхшиланмоқда. 4 та ўйиндан бери ютқазгани йўқ. Бу нима билан боғлиқ?

- Албатта, биз турдан-турга яхши, сифатли ўйинлар кўрсатиб келяпмиз. 4 та ўйинда 2 та ғалаба ва 2 та дуранг қайд этдик. Жамоада футболчиларда ишонч борган сари кучайиб боряпти.

- Бош мураббий Жамшид Саидов жамоада нимани ўзгартирди?

- Бош мураббийимиз мен клубга қўшилганимдан бир ой аввал жамоани қабул қилиб олганди. Келганимда жамоада ички муҳит яхши эди. Футболчилар орасида ҳам ўзаро ҳурмат биринчи ўринда. Жамоада ички муҳит яхши бўлиб, барча бир-бирига ишонса ва қўллаб-қувватласа ўйинга ҳам таъсир қилади, ишонч ҳам беради, деб ўйлайман.

- Олдинда яна 5 та тур бор. Голларингиз сонини нечтага етказишни мўлжаллагансиз?

- Олдинда бизни қизиқарли учрашувлар кутиб турибди. Ҳозир 7 та голим мавжуд. Қолган 5 та учрашувнинг ҳар бирида ҳам қўлимдан келганича ёрдам бериб, вазиятларимдан фойдаланиб, голларим сонини 10 тадан оширмоқчиман. Аввал ҳам бир марта 10 тадан кўп гол ургандим. Худо хоҳласа, шуни такрорлаб, балки ундан ҳам кўпроқ гол уриб, ўз натижамни яхшилашга муваффақ бўларман.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Кизилкум Кизилкум
Бугунги янгиликлар