ОАВда Саудия Арабистонида ўтказилиши керак бўлган Осиё кубоги 2027 мусобақасини бошқа муддатга кўчириш эҳтимоли ҳақида хабарлар яна пайдо бўлди. Журналист Баттал ал-Қаус ўзининг «In the Net» дастурида ушбу масалани кўтарган.
Унинг таъкидлашича, ҳозирча турнирнинг кечиктирилиши ҳақидаги гаплар тахминлардан иборат. Бунга Яқин Шарқдаги ҳарбий кескинлик фонида Саудия Арабистонидаги хавфсизлик вазиятининг ёмонлашиши сабаб бўлиши мумкин.
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) президенти Салмон бин Иброҳим ал-Халифа аввалроқ зарурат туғилса, мусобақани 2028 йилда ўтказиш имкониятини истисно қилмаганди.
Маълумот учун, Осиё кубоги 2027 мусобақаси дастлаб 2027 йил 7 январдан 5 февралга қадар Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 26 октабр куни ОФК ва маҳаллий ташкилий қўмита турнир баҳслари тақвими ҳамда ўйинлар ўтказиладиган стадионларни келишиб олган. Ҳозирча тайёргарлик ишлари дастлабки режа асосида давом этмоқда.