2027/2028 йилги мавсумдан бошлаб UEFA Чемпионлар Лигасида муҳим ўзгариш юз беради. Европанинг энг нуфузли клублар турнирида Adidas компанияси тўплари ўрнини Nike маҳсулотлари эгаллайди.
Бу ҳақда UEFA ва Европа футбол клублари ассоциацияси (EFC) томонидан ташкил этилган UC3 қўшма корхонаси маълум қилди.
Шу тариқа, UEFA ва Adidas ўртасидаги 26 йиллик ҳамкорлик 2027 йилда ўз якунига етади. Американинг Nike компанияси эса Чемпионлар Лигасининг янги техник ҳамкорига айланади. Томонлар ўртасидаги келишув 4 йилга мўлжалланган.
Натижада мусобақа ўйинларида фойдаланиладиган тўпларда Adidas компаниясининг машҳур уч чизиқли белгиси ўрнига Nike логотипи пайдо бўлади.
derbyderbyderby.it нашрининг хабар беришича, ушбу ўзгариш фақат Чемпионлар Лигаси билан чекланиб қолмайди. UEFA шафелигида ўтказиладиган бошқа мусобақаларда ҳам янги техник ҳамкор маҳсулотларидан фойдаланиш режалаштирилган.
Шундай қилиб, Европа футболининг энг машҳур мусобақаларидан бирида чорак асрдан ортиқ давом этган ҳамкорлик даври якунланади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади