«Ювентус» клуби дарвозабон Норберто Нето билан келишувга эришишга яқин. Бу ҳақда инсайдер Николо Скира хабар берди.
Манбага кўра, «зебралар» бразилиялик 37 ёшли кипер билан дастлабки келишувга эришган. Фақат томонлар келишувни тўлиқ якунлаши керак.
Келишув мавсум якунига қадар мўлжалланади. Футболчининг маоши ҳозирча очиқланмаган.
Нето «Ботафого»дан кетганидан бери ўзига янги жамоа изламоқда. «Ювентус» эса Камил Грабара жароҳат олганидан кейин жамоада захира дарвозабони сифатида Нето номзодини кўриб чиқаётганди.
Эслатиб ўтамиз, Нето аввал ҳам 2015–2017 йилларда «Ювентус» шарафини ҳимоя қилган.
Маълумот учун, Нето футболчилик фаолияти давомида «Фиорентина», «Валенсия», «Барселона», «Борнмут», «Арсенал» ва «Ботафого» жамоаларида ўйнаган. Бразилия миллий жамоасида битта учрашувда майдонга тушган.