Live
2
Ўзбек

«Навбаҳор» учун руҳий жиҳатдан осон бўлмайди» - Ислом Аҳмедов 15-тур олдидан қандай фикрда?

Эксклюзив
1 август, 06:53
Бу биринчи давранинг сўнгги тур баҳслари ҳисобланади.
«Навбаҳор» учун руҳий жиҳатдан осон бўлмайди» - Ислом Аҳмедов 15-тур олдидан қандай фикрда?
Фото: ЎФА

1-3 август кунлари Суперлиганинг 15-тур учрашувлари ўтказилади. Бу биринчи давранинг сўнгги тур баҳслари ҳисобланади.

Турнинг марказий учрашувлари сифатида «Андижон» - «Пахтакор», «Динамо» - «Нефтчи» каби учрашувлар эътироф этилмоқда. Табиийки, интригага бой ўйинлар кутмоқда.

Юртимиздаги тажрибали мутахассислардан бири Ислом Аҳмедов 15-тур олдидан жамоаларнинг имкониятларини қуйидагича баҳолади.

1 август
19:30. Андижон – Пахтакор

- «Андижон» ўз майдонида, ўз мухлислари қўллаб-қувватлови остида майдонга тушади. Жамоа барча чизиқларда яхши шаклланган таркибга эга. Футболчилар тўп билан ҳам, тўпсиз ҳам майдонда нима қилиш кераклигини яхши билади. Ўйин услуби аниқ шаклланган, жамоада эса характер ва ирода бор.
Тахмин: 60/40 — «Андижон» фойдасига.

20:30. Бухоро – Локомотив

- Агар «Бухоро» ўзига хос ўйин услубини сақлаб қолса, яъни ҳимоядан ҳаракат қилиб, тезкор қарши ҳужумлардан самарали фойдаланса, бу учрашувда ғалаба қозониш имконияти юқори.
Тахмин: 60/40 — «Бухоро» фойдасига.

2 август
19:30. Навбаҳор – Хоразм

- «Навбаҳор» учун руҳин жиҳатдан осон бўлмайди, чунки жамоа анча вақтдан бери ғалаба қозона олмаяпти. Аммо агар улар руҳий босимни енгиб ўтиб, ўз ўйинини намойиш эта олса ҳамда рақиб дарвозаси олдида яратаётган имкониятлардан унумли фойдаланса, ғалаба қозониши мумкин.
Тахминан: 60/40 — «Навбаҳор» фойдасига.

20:00. Машъал – Сўғдиёна

- Бу оғир ва кескин курашларга бой ўйин бўлади. Ҳар икки жамоа учун ҳам натижа муҳим, чунки ғалаба ҳар иккисига ҳам сув ва ҳаводек зарур. Қайси жамоа ўз имкониятларидан яхшироқ фойдаланса, ўша ғалаба қозонади.
Тахмин: 50/50.

3 август
19:30. Қўқон-1912 – Сурхон

- Агар «Сурхон» «Андижон»га қарши ўйиндаги савиясини яна намойиш эта олса, уларнинг ғалаба қозониш эҳтимоли юқори бўлади.
Тахмин: 40/60 — «Сурхон» фойдасига.

20:00. ОКМК – Насаф

- ОКМК — характерли ва ҳар бир баҳсда ғалаба қозонишга интилувчи жамоа. Буни улар жорий чемпионат давомида бир неча бор исботлаб бўлишди. «Насаф»да ҳам ўйин яхши йўлга қўйилган. Шу боис бу жуда қизиқарли ва муросасиз баҳс бўлиши кутилмоқда.
Тахмин: 50/50.

20:30. Динамо – Нефтчи

- Ҳар икки жамоа ҳам ўйин услуби жиҳатидан ўхшаш футбол намойиш этади. Улар тўпни назорат қилишга, ҳужумларни босқичма-босқич ташкил этишга ва босим остида ҳам ўзини эркин ҳис қилишга одатланган. Агар «Нефтчи» ўзининг етакчи футболчиларидан тўғри фойдалана олса, ғалаба қозониш имконияти кўпроқ айнан улар томонида бўлади.
Тахмин: 55/45 — «Нефтчи» фойдасига.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар